17:38 / 02.03.2021
1417
2020/2021 ўқув йилида мактабларда бир ўқитувчига ўртача 12 нафар ўқувчи тўғри келмоқда

Жорий ўқув йилида умумтаълим муассасаларида жами 6 миллион 287,9 минг нафар ўқувчи таълим олмоқда. Ўқувчиларнинг 51,4 фоизини ўғил болалар, 48,6 фоизини эса қиз болалар ташкил этади. Республика бўйлаб мактабларда 8та тилда таълим берилмоқда.

Ўзбекистонда 2020/2021 ўқув йили бошида жами умумтаълим муассасалари сони 10 минг 181тани ташкил этиб, 2016/2017 йилнинг мос даврига нисбатан 462тага ёки 4,8 фоизга кўпайган.

Статқўм маълумотларига кўра, 2020/2021 ўқув йилида умумтаълим муассасаларида жами 6 миллион 287,9 минг нафар ўқувчи таълим олмоқда. Тақққослаш учун, бу кўрсаткич, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 119,7 минг нафарга (1,9 фоизга) ошгани кузатилган.

Жорий ўқув йили бошида республика бўйича рўйхатга олинган ўқитувчилар сони 507,7 минг нафарни ташкил этиб, бир ўқитувчига ўртача 12 нафар ўқувчи тўғри келади. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилиб, унда бир ўқитувчига ўртача 18 нафар ўқувчи тўғри келган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида эса энг паст кўрсаткич яъни бир ўқитувчига ўртача 9 нафардан ўқувчи тўғри келган.

2020/2021 ўқув йили бошида умумтаълим муассасаларининг биринчи синфга қабул қилинган ўқувчилар сони бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган бўлса, энг кам кўрсаткич Навоий ва Сирдарё вилоятларида кузатилган.

Умумтаълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчиларнинг 3 миллион 235 минг нафарини (51,4 фоиз) ўғил болалар, 3 миллион 52,9 минг нафарини (48,6 фоиз) қиз болалар ташкил этади.

Бутун республика бўйлаб мактабларда 8та тилда таълим берилмоқда:

  • Ўзбек тили – 5 миллион 352,1 минг киши;
  • Қорақалпоқ тили – 126,5 минг киши;
  • Рус тили – 642,5 минг киши;
  • Қозоқ тили – 56,1 минг киши;
  • Инглиз тили – 0,8 минг киши;
  • Қирғиз тили – 7,5 минг киши;
  • Тожик тили – 69,4 минг киши;
  • Туркман тили – 10,9 минг киши.

Аввалроқ, 1 мартдан эътиборан, таълим даражаси паст мактабда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчиларга махсус устамалар ҳисоблаш бошланиши хабар қилинганди.

Шунингдек, 2021 йилнинг февраль ойидан эътиборан халқ таълими тизимида 5-синфдан бошлаб 11-синфга қадар ягона синф раҳбарини тайинлаш бўйича Низом жорий этилгани маълум қилинганди.

Top