19:03 / 02.03.2021
1761
«212та мувофиқлик баҳолаш органи фаолияти вақтинча тўхтатилди», – Баҳолаш органлари фаолиятидаги муаммолар ҳақида

Республикада маҳсулот сифатини ўлчайдиган замонавий ўлчов воситалари ва синов қурилмалари 30-35 фоизни ташкил қилади. 60 фоиз эскирган қурилмаларда эса ўлчов сифати паст.

«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази ДУК директори ўринбосари Шокир Алимов 2 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида баҳолаш органлари фаолиятида учраётган айрим муаммолар ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 2020 йилда 212та маҳсулотга мувофиқлик сертификати берувчи органлар фаолияти қониқарсиз, деб топилгани сабабли вақтинча тўхтатилган.

«Бугунги кунгача эски стандарт бўйича 350та лаборатория аккредитациядан ўтган. Шундан 7 тасининг ишлаш сифати янги стандартга – халқаро талабларга жавоб беради, холос.

Бу лабораторияларимизда жуда кўп муаммолар бор дегани.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда республикада маҳсулот сифатини ўлчайдиган замонавий ўлчов воситалари ва синов қурилмалари 30-35 фоизнигина ташкил қилади. Техникаларнинг 60 фоизи бир неча йилдан бери ишлатиб келиняпти. Яъни улардан натижа олиш мумкин, лекин аниқлик даражаси паст бўлади.

Бозорларда, дўконларда маҳсулот харид қиламиз. Айрим ҳолатларда ёрлиғида яроқлилик муддати ёки ишлаб чиқарувчиси кўрсатилмаган маҳсулотлар савдо расталарига чиқарилгани, савдо қоидалари, яъни сақлаш ва реализация қилиш талаблари бузилганига гувоҳ бўламиз.

Сертификатлаштириш бўйича 2020 йилда тахминан 260га яқин мувофиқлик баҳолаш органларида даврий назоратни олиб бордик. Шундан 212тасининг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Яъни стандарт талабларини, сертификациялаш тартибларини бузган ҳолда ишлаганлиги сабабли уларнинг фаолияти тўхтатилган. Токи ўша камчиликлар тўғрилангунича.

Мувофиқлик баҳолаш органлари – маҳсулотга мувофиқлик сертификати берадиган сертификатлаштириш органлари ёки уни текширадиган синов лабораториялари ҳисобланади.

Ҳозирда 350та аккредитациядан ўтган лаборатория бўлса, булар бутун республика миқёсида ҳар бир йўналиш бўйича фаолият олиб боради. Умумий муаммоларимиз кадрлар малакаси етишмаслиги, ўлчов жиҳозлари сифат даражасининг пастлиги ва қўллаётган синов усулларини татбиқ этишда кўзга ташланади», – деди ташкилот раҳбари ўринбосари.

Шунингдек, мазкур синов лабораториялари фақатгина давлатга тегишли эмаслиги, улар орасида хусусийлари ҳам борлиги айтилди. 

Аввалроқ «Ўзстандарт» агентлиги мутасаддилари 2021 йилдаги энг муҳим йўналишлардан бири синов лабораторияларини халқаро андозага етказиш эканини таъкидлашганди.

Маълумот учун, агентлик 2020 йилда Жаҳон банки билан ҳамкорликда вилоятлардаги 8та ҳудудда 9,5 миллион долларлик лабораториялар шакллантирди.

Агентлик олдида 2021 йил якунига қадар халқаро стандартлар сонини 14 мингтага, уйғунлик даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.

Top