15:17 / 06.03.2021
2666
«Тарбия» фани ўқитувчилари учун махсус сайт ишга тушди

Республика таълим маркази мактабларда ўтиладиган “Тарбия” фани учун янги сайтни ишга туширди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги марказ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фани жорий қилинган эди.

Мазкур фан ўқувчиларни ижтимоий муваффақиятли ҳаётга тайёрлаш, уларда фаол фуқаролик позицияси, масъулият, мажбурият, ҳуқуқий онг ва маданият, теран дунёқараш, соғлом эътиқод, маърифатпарварлик, бағрикенглик каби фазилатларни шакллантириш мақсадида йўлга қўйилди.

“Янги ёндашувлар ўқитувчидан дарсни янгича метод ва технологиялар асосида ўтишни тақозо этади. Шуни ҳисобга олиб, янги фанни ўтишда ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, фан мақсад-вазифаларини ва ғоясини оммалаштириш мақсадида www.tarbiyam.uz сайти жорий этилди. Сайтда бу фанни ўқитиш дастурлари, тақвим-мавзу режа ва дарсликнинг электрон вариантлари, қолаверса, дарсни ташкил этишга доир барча методик ёрдам, қўшимча манба ва материаллар мавжуд”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, “Тарбия” фани бошланғич таълим, миллий ғоя ва ҳуқуқ, тарих ҳамда диншунослик мутахассислигига эга фан ўқитувчилари томонидан ўқитилиши айтилганди.

2020 йилнинг август ойи давомида телерадиокомпания билан ҳамкорликда “Онлайн-мактаб” лойиҳаси доирасида телеканаллар орқали мутахассислар томонидан “Тарбия” фанини ўқитадиган ўқитувчилар учун онлайн малака ошириш дарслари ташкил этилди.

Top