16:45 / 09.03.2021
48490
Тошкентда ёш болани зўрламоқчи бўлган такси ҳайдовчиси қўлга олинди

Чилонзор туманида 11 ёшли ўғил болани жинсий алоқага ундаган 47 ёшли эркак топилиб, қамоққа олинди.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, Ғайрат Д. исмли гумонланувчи аниқланиб, суд томонидан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 119-моддаси 4-қисми (бола 14 ёшга тўлмаганини била туриб, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатган ҳолда ғайритабиий усулда қондириш) билан айб эълон қилинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, воқеа ҳақида Kun.uz боланинг отаси ва пойтахт ИИББга асосланган ҳолда 5 март куни хабар берган эди.

Отанинг сўзларига кўра, 11 яшар ўғли 28 февраль куни Чилонзордаги уйидан амакисининг уйига бориш учун қора рангли «Нексия-3» автомобилига чиққан.

Аввалига икки нафар бошқа йўловчини манзилига элтиб қўйган такси ҳайдовчиси овлоқроқ жойда машинаси бузилиб қолганини айтиб тўхтайди ва орқа ўриндиққа ўтиб, эшикларни қулфлайди, сўнг боланинг шимини ечиб, унга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар қила бошлайди.

Отасининг айтишича, бола қўрқиб, йиғлаб қаршилик қилгач, ҳайдовчи «ишини» тўхтатиб, уни айтилган манзилга олиб бориб қўйган ва бу ҳақда ҳеч кимга айтма, деб тайинлаган.

Kun.uz хабаридан сўнг, эртасига Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан жиноий иш очилганини хабар қилди.

Top