22:33 / 14.04.2021
12605
МРБ раҳбари Россия Украинага бостириб кириши мумкин деб ҳисобламоқда

"Россиянинг Қримда, Донбасс чегараси бўйлаб ҳарбий жойлашуви жиддий хавотир уйғотади. Бу Украина раҳбариятини қўрқитиш, АҚШга сигнал бериш усулларидан бири деб ўйлайман", деди Уилям Бернс.

Фото: AP

АҚШ марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс Украина чегарасида Россия кучларининг тўпланиши чекланган босқинга айланиши мумкин деб ҳисобламоқда. У бу ҳақда АҚШ конгрессининг разведка бўйича махсус қўмитаси йиғилишида айтди.

"Россиянинг Қримда, Донбасс чегараси бўйлаб ҳарбий жойлашуви жиддий хавотир уйғотади. Бу Украина раҳбариятини қўрқитиш, АҚШга сигнал бериш усулларидан бири деб ўйлайман. Вазият шу нуқтага етдики, бу чекланган ҳарбий босқин учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Нафақат АҚШ, балки иттифоқчиларимиз ҳам бунга жиддий ёндашиши зарур", деди Бернс.

"АҚШ президенти Жо Байден президент Путин билан телефон орқали мулоқотида бундан жиддий хавотирда эканлигимизни билдирди", - деди у.

Сешанба куни Жо Байден Владимир Путинга телефон қилгани тўғрисида хабар қилинганди.

Маълум бўлишича, қўнғироқ Байденнинг ташаббуси билан амалга оширилган. Оқ уйга кўра, Байден сайловларга аралашиш ва киберҳужумлар учун керакли жавоб берилишини Путинга яна бир бор тушунтирган. Томонлар ҳарбийлар устидан назорат ва бошқа хавфсизлик масалаларини ҳам муҳокама қилган.

Шунингдек, АҚШ президенти Россиянинг Қрим ҳамда Украина чегарасидаги фавқулодда фаоллашувидан хавотирда эканини билдирган ва Украинанинг суверенитетини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.

Мавзу
Украина можароси
2020 йил март ойи охирида украиналик ҳарбийлар Донбассдан берилган артиллерия зарбалари қурбони бўлди. Апрель ойи бошида Россия Украина билан чегарада қўшинларини тўплай бошлади.
Барчаси
Top