14:29 / 19.04.2021
9556
UzAuto Motors янги машиналар салонига сув кириб кетиши ҳолатлари бўйича изоҳ берди

Компанияга кўра, автомобиллар салонида сув тўпланишининг сабаби машина корпусидаги техник тешиклар демонтаж қилиниши билан боғлиқ.

UzAuto Motors автомобиллар корпусини сув босаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатлар бўйича муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, автомобиллар заводда сув босими билан махсус синовдан ўтказилади. Машина салонига сув киришига эса корпусдаги техник тешиклар демонтаж қилиниши сабаб бўлади.

«Баҳор ёмғирлар мавсумини бошлаб келди. Бу эса ижтимоий тармоқларда автомобил ишқибозларининг автомобил корпусини сув босаётгани ҳақидаги мурожаатлари пайдо бўлишига сабаб бўлди. Видеомурожаатдан кўриниб турибдики, сув салон ичига тушиб, автомобил гиламчалари остида тўпланган.

Янги автомобил салонида сув тўпланишининг сабаби, автомобил корпуси техник тешикларининг демонтаж қилинганидир.

Автомобил моделига қараб техник тешиклар транспорт воситасининг пастки қисмида ёки двигател панелида жойлашган бўлади. Уларнинг ҳар бири заводнинг қопқоқлари билан маҳкамланган.

Кўп ҳолларда техник тешикларнинг демонтажи ташқи қурилмалар, масалан, видеорегистраторларни ўрнатиш пайтида юзага келади. Ташқи қурилмаларни ўрнатишда ишончли бўлмаган ёки нопрофессионал мутахассислар тешикларга зарар етказиши мумкин ёки қопқоқлашни бутунлай унутиб қўйишади. Натижада эса, тананинг зичлиги бузилади ва салон ички қисмига сувнинг осонлик билан киришига олиб келади.

Янги автомобилингизда бундай тушунмовчиликларга йўл қўймаслик ва муаммони бартараф этаман деб қўшимча муаммоларни юзага чиқармаслик учун биз фақат сертификатланган хизмат кўрсатиш марказларига мурожаат қилишни маслаҳат берамиз», дейилади компания муносабатида.

Қайд этилишича, ишлаб чиқарувчининг стандарт йўриқномаларига кўра, олди-сотди битимини расмийлаштиришдан олдин, дилерлар, мижоз ҳузурида автомобилнинг сотуволди кўздан кечирилишини ўтказишларини эътиборга олиш зарур. Ушбу таомил шартномани расмийлаштиришдан олдин тўлиқ жиҳозланганини текшириш, шунингдек, автомобилга кафолатли хизмат кўрсатиш шартларини ўрганиб чиқиш имконини беради.

Аввалроқ, компания автомобиллари автосалондан нуқсонли ҳолда сотилгани юзасидан бир неча эътирозлар пайдо бўлганди.  Хусусан, машиналар бўёғи сифатсиз чиққани, истеъмолчи корхонага бир неча марта қилган мурожаати юзасидан хабарлар берилган.  

Top