12:28 / 27.04.2021
809
Ижтимоий тармоқ орқали бухоролик шахсни 20 миллион сўмга чув туширган фирибгар ушланди

Бухоро вилояти Ромитан тумани Газли шаҳарчасида яшовчи шахсни ижтимоий тармоқ орқали алдаб 20 миллион сўм пулини ўзлаштирган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ромитан тумани Газли шаҳарчасида яшовчи, «Газлинефтгазқазибчиқариш» МЧЖ ишчиси, 1994 йилда туғилган С.С. интернет тармоқлари орқали ўзини «Газпроминвестҳолдинг» биржа брокери деб таништирган номаълум шахс билан танишган. Сўнг, ушбу шахснинг биржага сармоя киритиш ва бунинг эвазига фойда олиш таклифига ишониб, 20 миллион сўмни сармоя сифатида у айтган интернет тармоғидаги ҳисобрақамига ўтказиб берган. Аммо кейинчалик алданганлигини билиб, ушбу шахсни топиб пулларини олишда ёрдам беришни сўраб Ромитан туман ИИБга мурожаат қилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ромитан тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

 Туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирувда ушбу жиноятни Тошкент вилояти, Бекобод шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган Т.Д. содир қилганлиги аниқланиб, у ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Top