23:41 / 18.05.2021
7967
Испания миграция инқирози сабабли армияни жалб этди

Мигрантлар гуруҳлари шаҳар кўчаларини тўлдирган, полиция билан тўқнашувлар юз бергани тўғрисида хабарлар келиб тушган.

Фото: AFP

Марокашдан беш минг нафар нолегал мигрант Испаниянинг Африка шимолий соҳилидаги Сеута анклавига етиб келди. Испания армияни жалб этди, деб хабар бермоқда Reuters.

Мигрантларнинг бир ярим минг нафари болалардир. Мигрантлар гуруҳлари шаҳар кўчаларини тўлдирган, полиция билан тўқнашувлар юз бергани тўғрисида хабарлар келиб тушган. Мигрантлар, шунингдек, Испания чегарасини кесиб ўтишга уринмоқда.

Испания армияси ва полицияси бир ярим минг нафар мигрантни Марокашга қайтариб юборди. Ҳукумат вазият барқарорлашмагунига қадар мигрантларни ватанларига қайтаришда давом этишини билдирди.

Ўз навбатида, Испания бош вазири Педро Санчес Парижга сафарини бекор қилди ва Сеутага йўл олди, деб ёзмоқда El Pais.

Санчес вазиятни жиддий деб ҳисобламоқда ва Марокаш ҳукуматини инқирозни ҳал қилишга чақирди.

Top