17:48 / 25.05.2021
10525
Россия вакцинасини сотиб олишда қайси мамлакатлар етакчилик қилмоқда?

«Спутник V» дунёнинг 64 мамлакатида маъқулланди ва уларнинг аксариятига вакцинанинг ҳеч бўлмаганда бир партияси етказиб берилди. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Россия 21 май ҳолатига хорижга 16,3 млн доза вакцина етказди. 

Фото Aziz Karimov / Getty Images

Россия учун ўз аҳолисини коронавирусга қарши вакцина билан эмлашдан кўра вакцинани сотиш осонроқ бўлмоқда, деб ёзади Forbes нашри. Нашрнинг ёзишича, Россия бошқа мамлакатлар билан 205 млн дозадан ортиқ «Спутник V» вакцинасини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.

Россия вакцинасини қайси мамлакатлар сотиб олмоқда?

«Спутник V» дунёнинг 64 мамлакатида маъқулланди ва уларнинг аксариятига вакцинанинг ҳеч бўлмаганда бир партияси етказиб берилди. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Россия 21 май ҳолатига хориж давлатларига 16,3 млн доза вакцина етказди. Нашрнинг қайд этишича, «Спутник V» 45 мамлакатга етказиб берилди.

Буюртма бериш бўйича кимлар етакчи?

Туркия шартномага кўра ярим йил давомида 50 млн доза «Спутник V» олади. Бугунга келиб мамлакат аҳолисининг қарийб 14 фоизи ҳеч бўлмаганда бир доза вакцина билан эмланди.

Яна бир йирик буюртмачи — Мексика. Мамлакат 24 млн доза вакцина олишни мўлжалламоқда. Ҳозиргача Мексика аҳолисининг 14 фоизга яқини камида бир доза вакцина олди.

Аргентина Россиядан 20 млн доза «Спутник V» олишни режалаштирган. Мамлакатда 19 фоиздан кўпроқ аҳоли ҳеч бўлмаганда бир доза вакцина билан эмланди.

Вакцина етказилиши бўйича етакчилар

Аргентинага вакцинанинг 300 минг дозадан иборат биринчи партияси ўтган йил декабр охирида етказилганди. Ўшандан буён 13 марта етказиб бериш амалга оширилди. Россия Аргентинани жами 6,5 млн дозадан ортиқ «Спутник V» билан таъминлади. 

Мексика 2,4 млн доза вакцина олди. 

Венгрия шартнома тўлиқ бажарилган биринчи мамлакатга айланди: аҳолиси 10 млн кишини ташкил этувчи мамлакат 2 млн доза «Спутник V»га буюртма берганди. Венгрия аҳолисининг қарийб 52 фоизи эмлаб бўлинди.

Шартнома имзолаган аксарият давлатлар режадаги ҳажмнинг жуда оз қисмини олди. Масалан, Венесуэла 2020 йил декабрда Россия билан 20 млн доза «Спутник V» вакцинасига шартнома тузганди. Ҳозиргача атиги 430 минг доза вакцина етказилди. Ҳондурас шартномадаги 4,2 млн дозадан 40 минг, Шри-Ланка 13 млн дозадан 15 минг ва Ўзбекистон бир млн дозадан 100 минг дозасини қабул қилиб олди.

Россиядаги эмлаш суръати

Россиянинг ўзида вакцинация секин кечмоқда. Бош вазир ўринбосари Татяна Голикова охирги марта 12 май куни расмий рақамларни эълон қилганди: унинг сўзларига кўра, 14 млн нафардан ортиқ россияликлар вакцинанинг камида бир дозаси билан эмланган.

Gogov.ru лойиҳасининг маълумот беришича, 23 май ҳолатига кўра Россияда 15,3 млн киши ёки аҳолининг 10,5 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг ҳеч бўлмаганда бир дозасини қабул қилган. 

Top