23:00 / 26.05.2021
12910
Тожикистон ўз фуқароларини Қирғизистонга бормасликка чақирди

23 май куни Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси Улуғбек Марипов чегараолди ҳудудлар аҳолиси билан учрашувида муаммоли масалалар ҳал этилгунига қадар Тожикистон билан чегара ёпилишини айтганди.

Қирғизистоннинг ўз чегараларини тўлиқ ёпиш ҳақидаги қарори сабабли Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Қирғизистонга боришдан воз кечишга чақирмоқда, деб хабар берди Азия-Плюс.

«Тожикистон Республикасининг ҳар қандай транспорт воситаси орқали юк ва йўловчи ташиш билан шуғулланадиган юридик шахслари ҳамда якка тадбиркорларига Қирғизистон Республикаси ҳудудидан фойдаланмаслик, балки учинчи мамлакатлар орқали муқобил йўналишда ҳаракатланиш тавсия этилади», дейилади Тожикистон ТИВ мурожаатида.

Икки давлат ўртасидаги чегара пандемия сабабли 2020 йил мартда ёпилганди. Аммо эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда юк транспорти ҳамда айрим фуқаролар чегарадан ўтиши мумкин эди. Масалан, чипталар арзонлиги туфайли Тожикистон фуқаролари Россиядан ўз ватанларига Қирғизистон орқали қайтаётганди. 

23 май куни Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси Улуғбек Марипов чегараолди ҳудудлар аҳолиси билан учрашувида муаммоли масалалар ҳал этилгунига қадар Тожикистон билан чегара ёпилишини айтганди.

Кейинроқ Қирғизистон ОАВ вазирлар маҳкамасининг қарори билан Тожикистон фуқароларига Қирғизистон ҳудудига кириш-чиқиш, мамлакатда бўлиб туриш ва транзит ҳаракатида вақтинчалик чекловлар жорий этилганини эълон қилди. 

Қайд этилишича, чекловлар Қирғизистон ва Тожикистон дипломатик ваколатхоналари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, аввалдан келишилган ҳолда ташриф буюрадиган Қирғизистон ва Тожикистон расмий шахсларига тааллуқли эмас.

Шунингдек, Тожикистон ҳудудидаги Қирғизистон фуқаролари Қирғизистонга кириши ҳамда Қирғизистон ҳудудидаги Тожикистон фуқаролари Қирғизистондан чиқиб кетишига рухсат берилади.

Мавзу
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма рўй берди. Томонлар низода яна бир-бирларини айблашмоқда.
Барчаси
Top