19:26 / 07.06.2021
8339
Россия ҳукумати меҳнат мигрантларининг мамлакатга киришини соддалаштириш масаласини кўриб чиқмоқда

Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллиннинг сўзларига кўра, мигрантлардан воз кечиладиган бўлса, қурилиш баҳоси камида 12,5 фоизга қимматлашади.

Россия ҳукумати мамлакатга мигрантлар киришини соддалаштириш ва уларни мажбурий эмлаш масаласини кўриб чиқмоқда, деди Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин.  

«Ҳозирда мигрантларни олиб келишни соддалаштириш ва мажбурий эмлаш мавзусини кўриб чиқмоқдамиз», — деди Хуснуллин.

Унинг сўзларига кўра, бу қурилиш соҳасини қўллаб-қувватлаш учун жуда муҳим ҳисобланади, хорижлик ишчиларсиз ушбу соҳага қийин бўлади.

«Бизда меҳнат унумдорлиги даражаси паст ва мигрантлардан фойдаланишга мажбурмиз. Бир-икки йил ичида мигрантларсиз ҳам уддалай оладиган технологияларга ўта олмаймиз», — деди бош вазир ўринбосари.

Хуснуллиннинг сўзларига кўра, мигрантлар ойига 50 минг рубл эвазига кунига 12 соатлаб қурилишда ишлашга тайёр ва бу қурилиш таннархини пасайтиришга имкон беради.

Унинг фикрича, мигрантлардан воз кечиладиган бўлса, қурилиш баҳоси камида 12,5 фоизга қимматлашади.

Маълумотларга кўра, биргина Москвада 300 минг нафар меҳнат мигрантига эҳтиёж бор.

Top