12:39 / 25.06.2021
1065
Бухорода банкка гаровга қўйилган мулкларни сотиб юборган МЧЖ раҳбарига жиноий иш қўзғатилди

Бухорода кредит маблағининг гаров таъминоти сифатида қўйилган мулкларни сотиб юборган МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда, «A.B.» МЧЖ раҳбари Р.Н. банкдан кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун ажратилган кредитнинг гаров таъминоти сифатида турган 6 та кўчмас мулкни бошқа фуқароларга жами 854,2 миллион сўмга нақд пулга сотиб юборгани аниқланган.

Қайд этилишича, у ушбу пул маблағларини жамият ҳисобрақамига кирим қилмасдан, жами 501 миллион сўмлик қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаб, МЧЖни қасддан банкротлик ҳолатига олиб келган. Оқибатида жамият ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 181-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш) ва 233-моддаси (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top