21:41 / 07.07.2021
4432
Трамп Google, Facebook ва Twitter компанияларини судга беришини айтди

Дональд Трамп президентлигининг охирги ҳафталарида Twitter, Facebook ва Instagram тармоқларида ўз фикрини билдиришдан маҳрум бўлганди.

Фото: Brandon Bell/Pool via AP

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Facebook, Twitter, Google компаниялари ҳамда уларнинг раҳбарларини судга беришини маълум қилди. У бу ҳақда Бедминстер шаҳридаги чиқишида айтди.

«Бугун America First Policy Institute ташкилоти билан биргаликда йирик технологик компаниялар, жумладан, Facebook, Google ва Twitter ҳамда уларнинг бош директорлари Марк Цукерберг, Сундар Пичай ва Жек Дорсини судга бераман. Биз Флорида жанубий округи бўйича суддан ижтимоий тармоқлар фаолиятини, Америка халқининг шармандаларча ноқонуний цензура қилиниши тўхтатилишини сўраймиз. Улар айнан шу иш билан шуғулланмоқда, биз бунга чек қўйилишини талаб қиламиз», деди у.

Дональд Трамп президентлигининг охирги ҳафталарида Twitter, Facebook ва Instagram тармоқларида ўз фикрини билдиришдан маҳрум бўлганди.

Июл ойи бошида Трамп жамоаси Gettr деб номланган янги ижтимоий тармоқни ишга туширди.

Дастур таърифида унинг мақсади «бекор қилиш маданиятига ва ижтимоий тармоқларда монополияларга қарши кураш, теран онгни илгари суриш, сўз эркинлигини ҳимоялаш ҳамда ғояларнинг ҳақиқий бозорини яратиш» экани айтилган.

Ижтимоий тармоқни ривожлантириш билан Трампнинг собиқ вакили Жейсон Миллер шуғулланади.

Top