22:51 / 15.07.2021
11415
Ҳаити президентини ўлдирганликда гумон қилинаётганлар АҚШ армиясида ҳарбий тайёргарликдан ўтган — Пентагон

Маълумот берилишича, Пентагон Марказий ва Жанубий Америка, Кариб ҳавзасидаги ҳамкор мамлакатларнинг юзлаб ҳарбийлари учун мунтазам равишда ўқув машғулотлари ташкил этади.

Ҳаити президенти Жовенел Моизни ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинган колумбияликлар АҚШ армиясида тайёргарликдан ўтган. Бу ҳақда Пентагон вакили подполковник Кен Ҳоффман Fox News телеканалига берган интервьюсида айтди.

«Тергов доирасида ҳибсга олинган колумбияликларнинг бир қисми Колумбия қуролли кучларида хизмат қилган даврида АҚШ ҳарбий тайёргарлик ва машғулотлар дастурларида қатнашган», — деди Ҳоффман.

Унинг сўзларига кўра, Пентагон Марказий ва Жанубий Америка, Кариб ҳавзасидаги ҳамкор мамлакатларнинг юзлаб ҳарбийлари учун мунтазам равишда ўқув машғулотлари ташкил этади.

Подполковникнинг қўшимча қилишича, қотилларнинг изини топиш операцияси давом этмоқда.

12 июлда АҚШ давлат департаменти вакили Нед Прайс АҚШ Моиз ўлдирилиши иши бўйича 3 америкалик фуқаро ушланганидан хабардор эканини, ушбу фуқароларга консуллик кўмаги кўрсатилишини айтган. Ўша куниёқ CNN телеканали Ҳаити президенти ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолда қўлга олинганлардан бир нечаси АҚШ махсус хизматлари информатори бўлганини маълум қилган.

Жовенел Моиз 7 июлга ўтар кечаси ўз қароргоҳида ўлдирилди. Ҳужум вақтида унинг рафиқаси Мартин Моиз яраланган. Ҳозирда у АҚШда даволанмоқда.

Моизни ўлдиришда гумонланиб 23 киши: беш нафар ҳаитилик ва 18 нафар колумбиялик қўлга олинган.

Top