09:26 / 03.08.2021
3946
ЮНЕСКО Ўзбекистонга Шаҳрисабзда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни бажариш учун яна бир йил муддат берди

2020 йилнинг аксар қисмида қатъий карантин чекловлари жорий этилганини инобатга олиб, ЮНЕСКО Ўзбекистонга Шаҳрисабзда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни бажариш учун яна бир йил муддат берган. Бундан ташқари, бир қатор объектлар жаҳон маданий мероси рўйхатига қўшилган. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 16-31 июл кунлари бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитасининг кенгайтирилган 44-сессияси ишида онлайн иштирок этган. Тадбир Хитойнинг Фучжоу шаҳрида «гибрид» режимида бўлиб ўтган.

Делегация томонидан бутунжаҳон маданий мероси объектлари ҳисобланган «Шаҳрисабзнинг тарихий маркази», «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси», «Бухоронинг тарихий маркази» ва Хивадаги «Ичан-қалъа», шунингдек Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги кўпмиллатли табиий мерос объекти бўлмиш «Ғарбий Тянь-Шань» бўйича Ўзбекистон учун ижобий қарорлар қабул қилиниши таъминланган.

Қайд этилишича, сессия доирасидаги барча қарорлар Жаҳон мероси қўмитасига аъзо давлатларнинг Ўзбекистон позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлаши билан овоз бериш жараёнисиз қабул қилинган.

Сессия якунига кўра, ЮНЕСКО 2020 йилнинг аксар қисмида ҳукм сурган қатъий карантин чекловлари шароитида Ўзбекистон томондан барча вазифаларни амалга ошириш учун кўпроқ вақт талаб этилишини инобатга олган ҳолда, «Шаҳрисабз тарихий маркази» объектини тиклаш бўйича вазифалар ижроси муддатини яна бир йилга узайтирган.

Қарорларда Ўзбекистон Республикасига шаҳарлар бош режаси ва объектлар бошқаруви комплекс режаларини тайёрлаш ҳамда ваколатли ташкилотларнинг тавсияларига амал қилишга доир алоҳида чорловлар киритилган. Сессия давомида шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун таклиф қилинган объектлари бўйича янгиланган рўйхат тасдиқланган. Дастлабки рўйхат республика бўйлаб жойлашган 32 маданий, табиий ва маданий-табиий (аралаш) мерос обектини ўз ичига олган.

Бу минтақанинг бошқа давлатларига нисбатан энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Масалан, Россияда бу кўрсаткич – 28та, Украинада – 17та, Тожикистонда – 17та, Қозоғистонда – 14та, Туркманистонда – 10та, Озарбойжонда – 10та, Aрманистонда – 4та ва Қирғизистонда 2тани ташкил этади.

Маълумот учун, бир неча йилдан буён Шаҳрисабз шаҳри ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатида қолиши масаласи савол остида турибди. 2019 йил Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида ҳам мазкур масала танқидий кўриб чиқилиб, Шаҳрисабз «йўқ бўлиш хавфи остида қолган объектлар» рўйхатида қолдирилган.

Бу муаммонинг юзага келиши 2016 йилда мазкур тарихий шаҳарда ЮНЕСКО билан ўзаро келишилмай кенг миқёсда қурилиш ишлари олиб борилгани билан боғлиқ. 2019 йилда ЮНЕСКО томонидан Шаҳрисабз тарихий мажмуасини сақлаб қолиш учун бир қатор тавсиялар ва икки йил муддат берилган. Энди ўша муддат яна бир йилга узайтирилди.

Top