20:44 / 02.10.2021
5003
Британия шаҳзодаси Эндрю қарзларини тўлаш учун ягона уйини сотмоқда

Маълум бўлишича, шаҳзода Швейцариядан сотиб олган уйининг пулини тўлиқ тўлай олмаган. Сотувдан тушган пул эса ана шу қарзни қоплаш имконини беради.

Қиролича Елизавета II нинг учинчи фарзанди, шаҳзода Эндрю Швейцариянинг Вербье тоғ-чанғи курортидан сотиб олган шале услубидаги уйни сотиб юборишга мажбур. The Times нашрининг ёзишича, бу унинг номидаги ягона мулк ҳисобланади.

Уй учун 17 миллион фунт миқдорида нарх белгилганган. Бу пул Швейцариядаги уйнинг собиқ эгаси Изабель де Рувр билан суд жараёнига нуқта қўйиш имконини беради. Даъвогар жавобгардан тўланмай қолган 6,6 млн фунт тўланишини талаб қилмоқда. Йорк герцоги бу уйни собиқ рафиқаси Сара Фергюсон билан бирга 2014 йилда ипотека шартлари асосида 18 млн фунтга сотиб олганди.

“Даъво қайтариб олинган, чунки низо бўйича икки томонни ҳам қониқтирадиган ечим топилиш арафасида”, деб айтган нашрга ҳолатдан хабардор манба.

2019 йил охирига келиб ипотека қарзлари 5 миллион фунтга етгач, шаҳзода ойлик тўловни тўхтатиб қўйган. 2020 йилнинг май ойида уйнинг собиқ эгаси уй тўловининг тўланмаган қисми ва товон пулини ундириш учун судга мурожаат қилган. Ушбу суд иши ортидан шаҳзода Эндрю уйсиз қолишга яқин турибди.

Top