10:31 / 02.11.2021
3127
Ургутда аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Ургут туманида аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар бермоқда.

Жорий йил 29 октябр куни Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этгани ҳақида Kun.uz’да ўз манбаси берган маълумотга асосланиб хабар берилганди.

Ургут тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбари Д.Санақулов Чумчуқли маҳалласида аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди вафот этганини тасдиқлаган ва ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилаётганини маълум қилганди.

Қайд этилишича, Ургутда аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этгани ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Кейинчалик маълум бўлишича, 29 октябр тунда фожиа юз берган хонадонда аёл билан бирга унинг уч нафар фарзанди бўлган. Ҳодиса оқибатида, аёл ва унинг икки нафар фарзанди ис гази туфайли вафот этган. Унинг яна бир фарзанди 9 ёшли ўғил бола оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхшилиги айтилмоқда.

Аввалроқ, 15 октябрдан 25 октябргача Самарқанд вилоятида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 4 та ҳодиса содир бўлган ва уларда 8 нафар фуқаро вафот этгани хабар қилинганди.

Top