17:09 / 17.11.2021
3696
Instagram фойдаланувчилардан видео селфи юборишни сўрамоқда

Instagram фойдаланувчилари ижтимоий тармоқнинг янги ғалати талаби ҳақида ёзишяпти. Кўплаб фойдаланувчилар ўз аккаунтига кириш учун бир неча хил ракурсдан юзини видеога олиб юбориш сўралганини айтган.

Фото: depositphotos.com

Фойдаланувчилардан бирининг ёзишича, номаълум юзер унинг кетма-кет 65 та суратига лайк босгач, аккаунтига қайта кириш учун турли хил ракурсдан юзини видеога олиш сўралган. Шунингдек, паролни сақламай аккаунтидан чиққанлар ҳам қайта киришда шундай талабга дуч келган. Янги рўйхатдан ўтаётганлардан ҳам видео селфи юбориш сўралган.

Instagram'нинг Twitter'даги фойдаланувчилар билан алоқа аккаунтида бу ҳаракатнинг сабаби тушунтирилган: «Фойдаланувчиларнинг юзи кўринган видеоларни ишлатмаймиз. Бу тизим ҳақида бир йил аввал маълум қилинганди. Тармоқдан фойдаланаётган бот эмас, инсон эканини аниқлаш учун шундай тизим ишлатилмоқда.

Масалан, бирор аккаунт қисқа муддатда бир неча кишини кетма-кет ўқишни бошласа, ундан видео селфи сўралади. Шу орқали аккаунт ортида инсонми ёки бот тургани аниқланади. Видеолар 30 кун ичида ўчириб юборилади», дейилган муносабатда.

Видеоли маълумотлар Instagram'га эгалик қилувчи Meta компаниясида сақланмаслиги айтилган бўлса-да, фойдаланувчилар бу янгиликдан норози бўлган. Олдинроқ Meta'га тегишли мессенжер WhatsApp фойдаланувчиларнинг маълумотларини Facebook'га (Meta'нинг собиқ номи) топширишини эълон қилгач, мессенжердан фойдаланувчилар ёппасига Telegram'га «кўчиб ўтганди».

Top