15:51 / 18.11.2021
8351
Қозоғистонда бўрон натижасида ўнлаб одамлар жароҳатланди, 15 минг киши электрсиз қолди

​​​​​​​Кўриш даражаси ёмонлиги сабабли Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой автотрассасининг бир қисми ҳамда Қоратов ва Жанатас шаҳарларидан чиқиш йўллари ёпилган.

Фото: Tengrinews.kz

Қозоғистоннинг Жамбил областида юз берган кучли шамол ва бўрон натижасида 49 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда маҳаллий соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб Tengrinews.kz хабар бермоқда.

Бошқарма маълумотига кўра, Тароз шаҳри шифохонасига 41 киши мурожаат қилган, тўрт киши стационарга ётқизилган.

Болалар шифохонасига олиб келинган тўрт нафар боланинг учтаси даволаш учун олиб қолинган.

Байзақ райони шифохонасига ҳам тўрт киши мурожаат қилган, бир киши ётқизилган.

“Мурожаат қилганларнинг аксарияти дераза ва кўча дарвозалари қулаши оқибатида боши, қўли ва оёқларидан жароҳат олган”, – деб маълум қилди бошқарма вакили.

Кўриш даражаси ёмонлиги сабабли Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой автотрассасининг бир қисми ҳамда Қоратов ва Жанатас шаҳарларидан чиқиш йўллари ёпилган.

Минтақанинг бир нечта аҳоли масканларида газ қувурлари зарарланиши натижасида одамлар газ таъминотисиз қолган.

Шунингдек, Чимкент областида электр линияларига зарар етиши оқибатида 14700 киши электрсиз қолган.

17 ноябрь куни Чимкентда қор бўрони содир бўлган. Шамол тезлиги соатига 25 метрга етган.

Top