19:26 / 06.12.2021
2755
ЖАР президенти мамлакатда COVID-19нинг тўртинчи тўлқини бошланаётганини маълум қилди

Ўтган ҳафтада мамлакатда суткалик касалланиш ҳолатлари беш бараварга ошган.

Фото: Reuters

ЖАР президенти Сирил Рамафоса мамлакатда коронавирус пандемиясининг тўртинчи тўлқини бошланаётганидан огоҳлантирди.

«Мамлакат COVID-19нинг тўртинчи тўлқинига кирар экан, пандемия бошланганидан буён кузатилмаган касаллик юқтириш даражасини бошдан кечирмоқдамиз. Имкон борича кўпроқ одам эмланиши кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади», — дейилади унинг баёнотида.

Рамафосанинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада мамлакатда суткалик касалланиш ҳолатлари беш бараварга ошган. Тест натижаларининг чорак қисмига яқини мусбат чиқмоқда.

Қайд этилишича, икки ҳафта аввал COVID-19га тестларнинг мусбат натижаси атиги 2 фоизни ташкил этган. 

ЖАР президенти мамлакатда вакцина захираси етарли ва хавфсизлигини таъкидлади. Рамафосанинг айтишича, мамлакатнинг иқтисодий тикланиши учун ҳам вакцинация жуда зарур.

Шунингдек, ЖАР президенти аҳолини ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш ва ўзаро мулоқотларни камайтиришга чақирди.

Ноябрда мамлакатда коронавируснинг янги штамми аниқланганди. «Омикрон» деб номланган мазкур штамм кўплаб мутацияларга эгалиги ва ўта юқувчанлиги маълум. У ҳозирда 40дан ортиқ мамлакатда аниқланди.

Top