23:49 / 11.12.2021
36452
Назарбоев СССР парчаланиши сабабларини айтди

Нурсултон Назарбоевнинг сўзларига кўра, СССРнинг сўнгги кунларида келиб, «қайта қуриш ва демократлаштиришни эълон қилган янги раҳбарият етарлича иродага эга эмасди».

Фото: Picture Alliance/DPA

СССР тарқалишининг сабаблари бир нечта, улардан бири – ҳукумат олиб борган иқтисодий сиёсат, деди Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев «Россия 24» канали эфирида.

«Социалистик, тоталитар, маъмурий иқтисодиёт ўз ресурсларини тугатиб бўлганди. Иқтисодий блок раҳбарияти буни вақтида сезиши ва иқтисодиётни бошқаришда ўзгаришлар қилиши керак эди, аммо бундай қилинмади. Барча ресурслар тугаб борди, биз биринчи навбатда иқтисодий таназзулга яқинлашдик», — деди у.

Назарбоевнинг сўзларига кўра, СССРнинг сўнгги кунларида келиб, «қайта қуриш ва демократлаштиришни эълон қилган янги раҳбарият етарлича иродага эга эмасди».

«Сўнгра объектив омиллар – эсингиздами, Вилнюсда, Болтиқбўйида кўтарилишлар бошланди», — деди Назарбоев 1991 йилда Литва мустақиллик эълон қилганидан сўнг Вилнюсда ҳарбийлар ва халқ ўртасидаги тўқнашувларни назарда тутиб.

«Ва совет иттифоқи раҳбариятидан ҳеч ким, жумладан, СССР президенти Михаил Горбачёв ҳам у ерда нима бўлганини тушунтирмади», — дея қўшимча қилди Қозоғистоннинг собиқ президенти.

Унинг фикрича, бу Болтиқбўйи республикаларининг иттифоқдан юз ўгиришига сабаб бўлди. 

Ниҳоят, Назарбоевнинг сўзларига кўра, РСФСРнинг давлат суверенитети тўғрисидаги декларацияни қабул қилиши «барчага мустақиллик эълон қилиши мумкинлиги борасида сигнал бўлган».

«Барча омиллар СССР йўқ бўлишига олиб келди», — деди у.

Top