17:22 / 16.12.2021
9076
Яккасаройда 81 туп дарахт кесилиши бўйича жиноят иши тўхтатиб қўйилган

Прокуратура терговни тўхтатишига “айбланувчилар аниқланмагани” сабаб бўлган. Деярли 2 йил олдин очилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари депутат Расул Кушербаевнинг сўровидан кейин қайта тикланди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

2020 йил февралида Тошкентнинг Яккасарой туманида 81 туп дарахт кесилганига оид жиноят иши бўйича дастлабки тергов тўхтатиб қўйилган.

Kun.uz бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновдан олган маълумотга кўра, тергов ҳаракатлари 2020 йил 10 июл куни расман тўхтатилган бўлиб, бунга ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 1-банди асос қилиб олинган.

2021 йил 5 декабр куни дастлабки тергов қайта тикланган ва айни дамда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

“Жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинганидан кейин шаҳар прокуратураси депозит ҳисоб рақамида сақланаётган маблағ тақдири ҳал қилинади”, – дейди Бош прокуратура расмийси.

Маълумот учун, ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисмининг 1-бандида жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахс аниқланмаган тақдирда дастлабки тергов тўхтатилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 21 феврал куни Яккасарой туманида қурувчи ташкилот томонидан мораторийга зид равишда 81 туп дарахт кесиб ташланган эди. Ўшанда Тошкент шаҳар прокуратураси Яккасарой тумани ҳокими ўринбосари Абдулвосихон Сатторов ва “Building And Supplies” МЧЖ раҳбари А.Қодиров жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинганди.

Етказилган зарар мазкур икки айбланувчидан 3 баробар қилиб (қарийб 1,9 млрд сўм) ундирилганди.

Орадан салкам 2 йил ўтиб, жиноят ишининг тақдири мавҳум бўлиб қолаётгани ва шаҳар прокуратураси ҳисоб рақамида сақланаётган 1,9 млрд сўм тегишли тартибга зид равишда Экоқўмитага ўтказиб берилмагани маълум бўлганди.

Мазкур ҳолатга Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев эътибор қаратиб, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратурасига расман мурожаат юборганини билдирганди. Бироқ депутат номаълум сабабга кўра бу ҳақда Telegram-каналида ёзган постини ўчириб юборган эди.

Кушербаев пост ўчирилиши сабаби билан қизиққан Kun.uz мухбирига буни айтолмаслигини билдирган.

Маълумот учун, Абдулвосихон Сатторов Яккасарой ҳокими ўринбосари сифатида ишлашда давом этмоқда.

Мавзуга оид:

Top