21:19 / 24.12.2021
7629
Банк карталаридан пул ўғирлашда 16-18 ёшли ўсмирлардан фойдаланилаётган ҳолатлар кузатилмоқда

Ўзбекистонда 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни пул эвазига авраб, уларнинг номига пластик карта очириш йўли билан улардан жиноят йўлида фойдаланаётган фирибгарлар пайдо бўлди.

Фото: Getty Images

Ўзбекистондаги Аpelsin тўлов тизими янги фирибгарлик ҳолатлари пайдо бўлгани сабаб ота-оналарни эҳтиёткорликка чақирди.

“Фирибгарлар 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни пул эвазига банкда пластик карта очиб, кибержиноятчиларнинг рақамига СМС-маълумотнома улашга кўндиришмоқда. Шундан сўнг карта фирибгарларнинг қўлига тушади ва у орқали жиноий-молиявий операциялар амалга оширилади. Айнан ўсмир карта эгаси бўлгани ва унинг номидан барча жиноий операциялар амалга оширилгани сабабли, охир-оқибат, у бутун схемада айбдор бўлиб чиқади.

Фарзандларингиз билан профилактик суҳбат ўтказинг, оқибатларини тушунтиринг ва қонун олдида жазо муқаррарлиги ҳақида маълумот беринг”, дейилади хабарда.

Ушбу ҳолатда кибержиноятчи бировнинг номига очилган пластик картадан жиноятни яшириш, ўғирланган пулларни бошқа ҳисобрақамга ўтказиш ёки уларни нақдлаштириш мақсадида фойдаланиши мумкин. Бу эса номига карта очилган инсон ҳам бевосита жиноятчига шерик сифатида жавобгарликка тортилишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

Аввалроқ, одамларнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини банк ёки тўлов ташкилоти ходими сифатида таништириб, мобил илова бузилгани, банк картаси блок ҳолатига тушгани, картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани ва шу каби турли уйдирмаларни келтирган ҳолда дарҳол чора кўрилмаса, барча маблағлардан айрилиш мумкинлиги ҳақида айтиб, одамларнинг пулларини ўғрилашга уриниш ҳолатлари кўпайгани хабар қилинганди.

Top