19:05 / 19.01.2022
16011
Россия АҚШга НАТО кенгаймаслиги бўйича янги таклиф билан чиқди

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосарининг фикрича, бу “АҚШ учун анча осонроқ йўл” бўлади.

Фото: Maurizio Gambarini/picture alliance via Getty Images

Россия АҚШга НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги бўйича кафолат бериш ўрнига Украина ва Грузиянинг альянсга киришига овоз бермаслик мажбуриятини олишни таклиф қилади. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков ана шундай баёнот берди.

"Бу Украина ва Грузия НАТО аъзоси бўлиши тўғрисидаги 2008 йилги Бухарест саммитининг машҳур формуласи ҳисобланади. Мана шу нарса истисно қилиниши керак. Агар АҚШ бир томонлама тартибда Украина ва бошқа мамлакатларнинг НАТОга киришига ҳеч қачон овоз бермаслик мажбуриятини оладиган бўлса, бу йўлни ҳам кўриб чиқишга тайёрмиз", - деди у.

Рябковнинг фикрича, бу АҚШ учун "анча осонроқ йўл" бўлади.

"Бизга НАТОнинг кенгаймаслигини АҚШ билан икки томонлама шартнома ва НАТО билан шартномавий келишув шаклидаги юридик жиҳатдан кафолатлайдиган ҳужжат керак", - деди Рябков.

У Россия хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларига ғарбнинг жавобини кутаётганини эслатиб ўтди. 

"Биз учун биринчи навбатда НАТО кенгаймаслиги бўйича ҳуқуқий кафолатлар, альянснинг 1997 йилдаги чегараларга қайтиши ва чегараларимиз бўйлаб зарба берувчи воситалар жойлаштирилмаслиги масаласи борасида ишончли ечим зарур. Қолгани бу йўналишдаги ҳаракатларга боғлиқ", - деди у.

НАТО ва АҚШ Россиянинг бу талабларини номақбул деб ҳисобламоқда.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top