19:35 / 22.01.2022
22002
Асосий ҳамкорлар, олтин ва машиналар — Ўзбекистоннинг 2021 йилги ташқи савдоси

Ўзбекистон қайси давлатлар билан савдо қилади, энг яқин ҳамкорларимиз ким, нималар сотамиз ва сотиб оламиз, қанча олтин сотамиз-у, қанча машина сотиб оламиз?

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги ташқи савдо айланмаси ва балансига доир ҳисоботни тақдим этди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон 2021 йилда 182 давлат билан жами 42,1 миллиард долларлик савдо қилган. Бу 2020 йил – 36,2 миллиард долларга нисбатан юқорироқ кўрсаткич ҳисобланса-да, лекин пандемиядан аввал – 2019 йилда ташқи савдо айланмаси 41,7 миллиард доллар билан солиштирганда ўсиш унчалик юқори бўлмаганини кўришимиз мумкин.

Ташқи савдо балансининг 25,5 миллиард доллари импорт ва 16,6 миллиард доллари экспортни ташкил қилмоқда.

Тушунарлироқ тилда айтсак, 25 миллиард долларлик маҳсулот ва хизматлар сотиб олган бўлсак, 16 миллиард доллар маҳсулот ва товарлар сотганмиз. Яъни четдан сотиб олганларимиз сотганларимиздан деярли 9 миллиард долларга кўпроқ.

Кимлар билан савдо қиламиз?

Россия йил якунлари бўйича сўнгги 3 йилдан буён ташқи савдодаги энг йирик ҳамкоримиз Хитойни қувиб ўтишга муваффақ бўлди.

Демак, 7,5 миллиард долларлик савдо айланмаси билан Россия 2021 йилда Ўзбекистоннинг энг катта шериги бўлиб турибди

Кейинги ўринда Хитой: икки томонлама товар айрибошлаш ҳажми 7,4 миллиард доллар (Ўзбекистон томонининг рақамлари).

Ўтган ойда иккинчи иттифоқчимизга айланган Қозоғистон савдодаги 3 рақамли ҳамкоримиз бўлиб турибди. Товар айирбошлаш ҳажми 3,9 миллиард доллар.

Кейинги ўринда Туркия – сўнгги йилларда фаол ташқи сиёсат олиб бораётган Кичик Осиё минтақасининг етакчиси билан ташқи савдо айланмаси 3,4 миллиард долларга яқин.

Ташқи савдода миллиард доллик маррадан ошган сўнгги ҳамкоримиз Жанубий Корея ҳисобланади. Айланма 1,9 миллиард долларга яқин.

Ушбу 5 та мамлакат Ўзбекистон ташқи савдосида 55 фоиздан ортиқ улушга эга. Ундан кейинги ўринлардаги Қирғизистон, Туркманистон, Германия, Украина ва Афғонистон топ ўнликни якунлайди.

Эътибор қилишимиз керак бўлган нуқта, ташқи савдодаги асосий 20 та ҳамкорларимизнинг фақат 3 таси: Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо ижобий баланс кузатилган, қолган 17 асосий шерикларимиздан эса биз кўпроқ импорт қиламиз.

Умуман, 2021 йилда ташқи савдо манфий сальдоси 8,9 млрд долларга етган. Бу – антирекорд кўрсаткич саналади.

2021 йил давомида ташқи савдодаги энг фаоллик ноябрь ойида кузатилган, 5 миллиард доллардан ортиқ савдо бўлган.

Ҳудудлар миқёсида ташқи савдода энг фаол Тошкент шаҳри, Тошкент ва Андижон вилоятлари бўлган бўлса, Сурхондарё, Хоразм ва Жиззах вилоятлари энг пассив бўлган.

Нималар сотамиз?

Ўзбекистон 2021 йилда 16,6 миллиард доллари экспорт қилган бўлса, унинг асосий қисмини саноат товарлари, олтин, хизматлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил қилади.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўтган йили 4,3 миллиард долларлик саноат товарлари, 4,1 миллиард долларлик олтин, 2 миллиард долларлик хизматлар ва 1,3 миллиард долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар сотилган.

Олтин борасида

Гарчи олтин борасидаги статистик маълумотлар батафсил келтирилмаган бўлса ҳам, аввалги йилларга қараганда олтин сотишдан камроқ даромад олинганини кўриш мумкин. Масалан, 2020 йилда Ўзбекистон экспортида олтин энг юқори улушга эга бўлган, 5,8 миллиард долларлик олтин сотилган. 2019 йилда эса 4,9 миллиард долларлик олтин сотилган.

Шунингдек, кимёвий ва минерал маҳсулотлар, машиналар ва транспорт ускуналари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда турли хил тайёр буюмлар ҳам сотилган.

2021 йилдаги мева-сабзавотлар экспортида эса узум, мош, гилос, помидор, шафтоли ва хурмо етакчилик қилмоқда.

Нималар сотиб олдик?

Статистик маълумотлар, 2021 йил Ўзбекистон импортида энг кўп улуш машиналар ва транспорт асбоб ускуналарига тўғри келаётганини кўрсатмоқда – 32,4 фоиз. Бу 8 миллиард доллардан ортиқ дегани.

Ўзбекистон энг кўп сотиб оладиган машиналар ва асбоб-ускуналар Хитой, Корея, Россия, Туркия ва Германия ҳисобига тўғри келади.

Шунингдек, саноат товарлари, кимёвий воситалар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар ҳамда хизматлар ҳиссаси ҳам импортимизда юқори ўринларга эга.

Фаррух Абсатторов тайёрлади.

Top