19:21 / 03.03.2022
7242
Хроника: Маҳалла, оила ва хотин-қизлар бўйича ташкилотларнинг 30 йиллик силсиласи

Ўзбекистонда ёшлар, қариялар, хотин-қизлар, оила ва маҳалла давлатнинг институционал бошқаруви субъекти сифатида кўрилади. Мустақиллик йилларида бу йўналишларда қатор давлат ва формал нодавлат ташкилотлари фаолият юритиб келди. Куни кеча аҳолининг муайян ёш ва жинс қатлами билан машғул давлат тузилмалари сони яна биттага ортди.

Собиқ Хотин-қизлар қўмитасининг 2018 йилдаги конференцияси / Фото: ЎзА

Бир вақтнинг ўзида Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи фаолият олиб бораётган Ўзбекистонда, 1 мартга келиб, аҳолининг маълум бир ёш ва жинс қатламлари билан иш олиб борувчи вазирликлар сони яна биттага ортди: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилиб, янги орган – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси очилди.

Қуйида биз мустақиллик йилларида хотин-қизлар, оила ва маҳалла бўйича қандай тузилмалар фаолият юритганига назар соламиз.

Хотин-қизлар қўмитаси тарихи

2020 йилда фаолиятини тугатган қўмита узоқ йиллик тарихга эга. Қўмитанинг айнан қайси йили ташкил этилгани ҳақида очиқ манбалардан маълумот топишнинг имкони бўлмади. Бироқ Lex.uz миллий базасида қўмита 1992 йилдаги президент фармонида Хотин-қизлар комитети сифатида қайд этилган маълумот мавжуд. 1993 йилдаги 8 март байрами арафасида бир гуруҳ аёлларни мукофотлашга оид президент фармонида эса Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси номи тилга олинади. Бу эса қўмита узоқ йиллар давомида фаолият юритиб келганини англатади.

1995 йилда Хотин-қизлар қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида бош вазирга ўринбосар бўлиши белгиланган. Жойларда эса қўмитанинг ҳудудий бўлимлари раислари ҳокимларга ўринбосар бўлган.

2004 йилги “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида Хотин-қизлар қўмитасининг ишчи аппарати тузилмаси харажатлари бюджет ҳисобидан таъминланиши белгиланади.

Бироқ 2020 йилда Хотин-қизлар қўмитаси тугатилди ва тегишли фармон билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Бу вазирликка хотин-қизлар билан боғлиқ қуйидаги муҳим вазифалар ҳам юклатилганди:

  • хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш;
  • хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;
  • хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш.

Оила билан боғлиқ тузилмалар тарихи

Дастлаб, 1998 йил Ўзбекистонда “Оила йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий маркази ташкил этилади. Марказ Тошкент давлат университети ва Тошкент давлат педагогика институтидаги оила муаммоларини ўрганиш лабораториялари негизида очилиб, фаолият бошлайди.

“Оила” марказининг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш;
  • миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш;
  • оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, демографик хусусиятларини илмий асосда тадқиқ этиш;
  • оила, аёл ва болаларнинг ижтимоий-иқтисодий мавқеини акс эттирувчи статистик ахборотларни тўплаш ва умумлаштириш кабилардан иборат эди.

2018 йилда “Оила” илмий-амалий маркази “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази сифатида қайта ташкил этилади.

2020 йилда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилмаси таркибига киритилган эди.

Энди эса оила муаммолари билан ишлаш янги ташкилот – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ваколатига ўтказилмоқда. “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти “Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот институтига айлантирилди.

Маҳаллалар билан ишлаш тарихи

1992 йилда Ўзбекистонда “Маҳалла” хайрия жамғармаси ташкил этилади. Унга қуйидаги вазифалар юклатилган:

  • тарихан таркиб топган миллий ва маънавий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, халқимизнинг энг яхши удум ва анъаналарини оммалаштириш, республика аҳолиси ўртасида маданий ва маърифий ишларни кенг йўлга қўйиш;
  • инсонпарварлик ва меҳр-шафқат, кишилар ўртасида ўзаро бир-бирини тушуниш ва яхши қўшничилик ғояларини тушунтириш бўйича фаол ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш;
  • ҳар бир аниқ ҳудудда яшовчи камхарж оилалар, ногиронлар, кексалар ва болалар ҳуқуқларини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш;
  • ҳар хил анъанавий маросимлар ўтказиш;
  • жуда муҳтож оилалар ва алоҳида шахсларга текин моддий ёрдам кўрсатиш;
  • маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш.

2020 йилда президент Шавкат Мирзиёев Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этиш таклифини билдириб, маҳалла вазири – “Маҳалла” жамғармасига, вазирнинг биринчи ўринбосари – “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фондига, Кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосар “Нуроний” жамғармасига раисликни ҳам бажаришини маълум қилганди.

2 йил давомида фаолият юритган вазирлик қайтадан Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди.

Янги тузилмалар қандай вазифаларни бажаради?

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси:

  • хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, гендер тенглик кафолатларини таъминлаш, илмий фаолиятга кенг жалб қилиш;
  • оила ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оила ва хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш;
  • хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқишларига зарур шароит яратиш каби вазифаларни бажаради.

Янги қўмитага Наманганнинг Тўрақўрғон тумани ҳокими ва сенатор лавозимларида ишлаб келаётган Зулайҳо Маҳкамова раис этиб тайинланди. У Тўрақўрғонга ҳоким бўлишидан аввал собиқ Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари эди.

Бош вазир ўринбосари –   Хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова / Фото: Президент матбуот хизмати

Янги-эски қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар бўлимлари ҳам тузилмоқда. Уларнинг раҳбарлари эса ҳоким ўринбосари бўлади. Маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилади.

Қўмита Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармасини бошқаради.

Эслатиб ўтамиз, собиқ Хотин-қизлар қўмитаси формал жиҳатдан нодавлат-нотижорат ташкилот эди. Янги қўмита эса тўлақонли давлат органи ҳисобланади.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил  қилиниши билан маҳалла раисига ҳам алоҳида топшириқлар берилди. Энди раислар ўз ҳудудида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолиятини мувофиқлаштириши, маҳаллада ўзаро ҳамжиҳатликда ишлашни таъминлаши зарур. 

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига президент маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов тайинланди. / Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Президент Халқ қабулхоналарининг вазифалари ҳам энди шаҳар ва тумандан маҳаллага тушади, маҳаллабай фуқароларни қабул қилиб, уларнинг масалалари ечимига ёрдам беради.

2 йиллик танаффусдан сўнг қайта ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва 2 йиллик фаолиятдан сўнг номи ўзгартирилган Маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш вазирлиги вазифаларини қай даражада уддалаши, хотин-қизлар, оила ва маҳалла муаммоларига қай даражада ечим топа олишини вақт кўрсатади.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Top