18:22 / 11.04.2022
34241
Рус олигархларининг шахсий самолётлари Дубайда «жон сақламоқда»

Ғарб санкцияларига дучор бўлган россиялик олигархларнинг бизнес самолётлари Бирлашган Араб Амирликлари аэропортларининг тураргоҳларида сақланмоқда.

Россияга қарши жорий этилган санкциялар туфайли самолётлар бу араб давлатини тарк этиши қийин бўлади, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри.

Самолётлар Дубайнинг Ол Мактум аэропорти перронида.
Фото: The Wall Street Journal

Нашрнинг қайд этишича, миллиардерлар ўз бизнес-жетларини Россияга ҳали санкция жорий этмаган БАА томон йўналтиришган, бироқ айнан санкциялар туфайли учоқлар Дубайдаги Ол Мактум халқаро аэропортини тарк эта олмайди.

Аэропорт тураргоҳида миллиардер Роман Абрамовичнинг 250 млн долларга харид қилинган ва 100 млн долларга жиҳозланган Boeing 787 Dreamliner самолёти ҳам бор.

Роман Абрамовичнинг Boeing 787 Dreamliner (рақами P4-BDL) самолёти.
Фото: airliners.net

Бундан ташқари, Магнитогорск металлургия комбинати директорлар кенгаши раиси Виктор Рашников фойдаланадиган Gulfstream G650ER, рус миллиардери Михаил Гуцериевга тегишли деб тахмин қилинадиган  Embraer S/A, бизнесмен Аркадий Ротенберг билан боғлиқ бўлган Bombardier BD700 Global Express самолётлари ҳам перронда турибди.

6 апрель ҳолатига аввал Россияда қўним топган самолётларнинг 30 таси Дубайда эканлиги кўрсатилмоқда, улардан яна бир нечтаси Истанбул ва Тбилиси шаҳарлари аэропорти тураргоҳида туриб қолган.

Нашр манбасининг маълум қилишича, Дубайнинг Ол Мактум халқаро аэропортида бир суткалик тураргоҳ нархи 1000 АҚШ долларига тенг. WINGX таҳлилчилар компаниясининг маълум қилишича, россияликларнинг самолётлари Дубайда туриб қолганига бир ҳафтадан ошган.

The Wall Street Journal нашрининг қайд этишича, ғарб давлатлари санкциялари россиялик олигархлар билан боғлиқ самолётларга хизмат кўрсатишни ҳам тақиқлайди: жумладан, уларга ёнилғи-мойлаш материаллари етказиш, таъмирлаш ва суғурта қилиш.

Аввалроқ, Мэн ороли ҳокимияти россиялик миллиардерларнинг 8 та самолёти қайдини бекор қилгани, Францияда россиялик олигарх Алишер Усмоновга тегишли иккита вертолёт хатловга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Top