19:04 / 07.05.2022
8593
“Маъмурий ислоҳотлар Ўзбекистонга жуда ҳам керак” — Давлетов

Адлия вазири Ўзбекистонга маъмурий ислоҳотлар жуда ҳам кераклигини айтаркан, бу осон бўлмаслигини таъкидлади: ҳеч бир вазирлик ёки идора ўз ваколатидан айрилишни истамайди.

Тошкентда III Халқаро рейтинглар форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга имкон берувчи омилларни санаб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Рейтингларга таъсир қиладиган йўналишларга тўхталадиган бўлсам, биринчиси – давлат бошқарувидаги ислоҳотлардир. Маъмурий ислоҳотлар Ўзбекистонга жуда ҳам керак. Бу ҳақда кўп гапиряпмиз, президентнинг алоҳида фармойиши ҳам қабул қилинди. Биринчи қадам сифатида, адлия тизимидаги 3та ташкилотимизни бирлаштириб, функцияларни оптимизация қилдик ва камида 100 млрд сўмгача давлат бюджетига фойда келтирдик. Бунда хизмат кўрсатиш тузилмаларини ўзгартирмаган ҳолда, раҳбарлар сонини камайтирдик. Аллақачон бунинг ижобий томонларини ҳам кўрмоқдамиз.

Бошқа давлат ташкилотларида ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Осон бўлмайди, албатта. Қайси вазирлик ўзларининг маълум функция ва ваколатини кераксиз, деб айтади. Бу ерда идоравий манфаат бор. Ҳукумат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайлигина бу жиҳатларни ҳал қиляпмиз.

Иккинчи йўналиш – рақамлаштириш. Бу қайсидир индексларда ўрнимизни яхшилаш учун эмас, балки маъмурий муносабатларимизни тўғрилаш, мақбуллаштириш учун зарур. Шу зайлда бюрократия сабаб юзага келаётган коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.

Яқинда давлат раҳбари бюрократияга қарши тўртинчи пакет ҳужжатларни эълон қилди. Ҳозирда давлат хизматларининг 30 фоизигина электронлашган. Ўз олдимизга бу кўрсаткични 70 фоизга олиб чиқиш вазифасини қўйяпмиз. Бир йилда 10-11 млн одамга хизмат кўрсатяпмиз, навбатлар мавжуд. Буларнинг ҳаммасини рақамлаштирсак, хизмат кўрсатиш осонлашади.

Бу ерда муаммо шундаки, узоқ пайтдан бери йиғилиб келинаётган маълумотлар базаси қоғоз кўринишида сақланиб қолмоқда. Буларни ўзгартириш учун пул керак, тўғри услубият зарур. Чунки эртага иккита ёки учта ташкилот ўзини алоҳида рақамлаштирса, уларнинг маълумотларини ўзаро интеграция қилиш муаммо бўлиб қолади, бир-бирларининг кодларини ўқий олмай қолишлари мумкин. Шунинг учун ягона давлат сиёсати нуқтайи назаридан ёндашиш лозим.

Русланбек Давлетов

Биз яқинда ФҲДЁ соҳасида 65 млн архив ҳужжатларини компютерга киритиб чиқдик. Аммо бу ерда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) муаммоси юзага келмоқда. Бу тизим янгитдан ташкил этилган бўлиб, олдинги туғилганларда ЖШШИР бўлмаган. Энди архивдаги 65 млн дона далолатномага қайтадан алоҳида рақам бериб чиқяпмиз. Шу каби жиҳатларга эътибор қаратиб, биргаликда ишлашимиз керак.

Кейинги масала – очиқлик. Бу бўйича ҳам ўтган йилда алоҳида фармон имзоланганди. Биз ОАВ вакилларига мазкур фармон билан яхшилаб танишиб чиқинглар, деб жуда кўп айтамиз. Парламент мажлисларини онлайн трансляция қилишлар, ҳар бир депутатнинг қонун лойиҳасига қандай овоз берганини очиб кўрсатиш, бюджет билан боғлиқ параметрларнинг очиқланиши ушбу фармонда кўрсатилган. Ҳаттоки, Сенатда алоҳида қўмита ҳам тузилган.

Очиқлик коррупцияга қарши курашишда энг катта кучга айланяпти. Очиқликнинг кейинги босқичи бўйича янги ҳужжат ҳам тайёрланяпти. Буни яқин кунларда Сенат ва Бош прокуратурага тақдим қиламиз. Ишлатилаётган давлат маблағларининг ҳисобини бериш тартиблари ҳам ҳужжатда ўз аксини топган.

Амалдорларнинг вилоятларга сафарлари пайтида сарф қилган маблағлари ҳисобини кўрсатиш амалдаги қонунчиликда бор, лекин ҳеч ким буни талаб қилмайди. ОАВ ва жамоатчилик назорати рейтингларда ўрнимиз яхшиланишига ҳам, ишлатилаётган халқ пулининг тежалишига ҳам жуда катта таъсир қилади”, деди Русланбек Давлетов. 

Top