17:50 / 11.05.2022
11132
«Қрим билан бўлганидек»: Кремл Херсон областининг Россияга қўшилиши ғоясига изоҳ берди

11 май куни Украинанинг Херсон области раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов регион раҳбарияти Владимир Путиндан областни Россияга қўшиб олишни сўрамоқчилигини айтган.

Фото: РИА Новости

Херсон областининг Россияга қўшилиш тўғрисидаги қарор регион аҳолиси томонидан қабул қилиниши керак, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

11 май куни Украинанинг Херсон области раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов регион раҳбарияти Владимир Путиндан областни Россияга қўшиб олишни сўрамоқчилигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Херсон области маъмурияти йил охирига қадар Россия таркибига кириш учун қонунчилик базасини тайёрлайди, қарор ҳам ўшанда қабул қилинади. 

«Шубҳасиз, бундай мурожаат билан чиқиш-чиқмасликни Херсон области аҳолиси ҳал қилиши керак. Ўз тақдирини ҳам Херсон области аҳолисининг ўзи белгилаши керак. Ва албатта, бу масала юристлар ва ҳуқуқшунослар томонидан синчиклаб текширилиши ва баҳоланиши лозим. Чунки тақдирни ҳал қилувчи бундай қарорлар аниқ юридик асосга эга бўлиши, Крим билан бўлган ҳолатдаги сингари мутлақо қонуний бўлиши шарт», — деди Песков. 

2 март куни Россия ҳарбийлари Херсонни тўлиқ назоратга олганини маълум қилганди. Апрел охирларида «РИА Новости» шаҳар кенгаши депутати Александр Кобец Херсон мэри этиб сайлангани, Владимир Сальдо Херсон областига раҳбар бўлганини ёзганди. «Аввалги мэр Колихаев ҳамкорлик қилишни истамади», — деган агентлик суҳбатдоши.

Май ойи бошида «Единая Россия» бош кенгаши котиби Андрей Турчак Россия Херсонда бутунлай қолишини ва «ўтмишга қайтиш бўлмаслиги»ни айтган.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top