Банклар учун янги жавобгарлик

Қонунчилик палатаси киберхавфсизликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатга кўра, киберхавфсизлик талабларига риоя этилмагани ёки фирибгарлик операцияларининг олди олинмагани оқибатида фуқароларга моддий зарар етказилса, уни банклар, тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотлари қоплаши мумкин.

Шунингдек, масофавий давлат хизматлари тизимидаги шахсий аккаунтлар ёки телефон рақамларидан ноқонуний фойдаланиш, уларни ғаразли мақсадларда бошқа шахсларга бериш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Қонун лойиҳаси рақамли далиллар билан ишлаш ҳамда кибержиноятларни тергов қилиш механизмларини ҳам такомиллаштиришни назарда тутади.

Ҳужжатда, шунингдек, ноқонуний ўзлаштирилган маблағларнинг бошқа ҳисобларга ўтказилишининг олдини олиш мақсадида банк ҳисобварақлари, электрон ҳамёнлар ва криптоактивлар бўйича операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш тартиби ҳам белгиланган. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Энди эса парламентда кўриб чиқилган яна бир муҳим қонун ташаббуси ҳақида. 2026 йил 1 августдан саноат хавфсизлигига оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган фуқаролар рағбатлантирилади. Янги тартибга кўра, хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмалардан фойдаланишдаги қоидабузарликлар ҳақида фото ёки видеоматериалларни Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига тақдим этиш мумкин.

Тақдим этилган материаллар ваколатли орган томонидан ўрганилади. Ҳуқуқбузарлик ҳолати тасдиқланса, уни аниқлашга ҳисса қўшган фуқаролар белгиланган тартибда рағбатлантирилади.

Янги механизм саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини кучайтириш, авария ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда жамоатчилик назоратини кенгайтиришга қаратилган.

Бизнес ташрифларида Афғонистон етакчи

Йилнинг биринчи ярмида ташқи иқтисодий фаолликда ҳам қизиқарли тенденция кузатилган. 2026 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонга тижорат мақсадида 228,6 минг нафар чет эл фуқароси ташриф буюрди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, уларнинг асосий қисми - 205,9 минг нафари Афғонистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.

Тижорат ташрифлари сони бўйича кейинги ўринларда Туркманистон - 16,3 минг нафар, Тожикистон - 4,3 минг нафар қайд этилган. Шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Туркия ҳамда бошқа давлатлардан ҳам бизнес мақсадида келганлар рўйхатдан ўтган.

«Мангал Фест» туфайли йўллар ёпилади

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида «Мангал Фест-2026» тадбири муносабати билан транспорт ҳаракатига вақтинча чекловлар киритилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, 23 июлдан 26 июлга қадар Сўғдиёна кўчасининг Янги Сергели кўчасидан Жалойир кўчасигача бўлган қисми транспорт воситалари учун ёпилади.

Чекловлар фестивални хавфсиз ва уюшқоқ тарзда ўтказиш мақсадида жорий этилмоқда. Шу муносабат билан ҳайдовчиларга йўналишларини олдиндан режалаштириш ва айланма йўллардан фойдаланиш тавсия этилди.

Уч нафар хорижлик наркотик билан ушланди

Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатиш билан шуғулланган уч нафар хорижлик фуқаро қўлга олинди. Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда уларнинг вақтинчалик яшаш жойлари текширилиб, турли ҳудудларга яшириб қўйилган наркотик моддалар аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, гумонланувчилардан ва улар учун тайёрлаб қўйилган хуфия жойлардан жами қарийб 2,5 килограмм «гашиш», «мефедрон» ва «алфа-ПВП» гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида мусодара қилинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Сибир тоғ эчкиси ноқонуний овланди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ноқонуний ов қилинган Сибир тоғ эчкиси сотувга чиқарилгани аниқланди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ўтказган рейд давомида Кўксарой маҳалласи ҳудудида ҳайвоннинг тана қисмлари сотилаётгани маълум бўлган.

Ўрганишлар давомида Сибир тоғ эчкиси фуқаро томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда отиб ўлдирилгани аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг оқибатида ҳайвонот дунёсига 6 млн 180 минг сўм миқдорида зарар етказилган.