Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополиция ходимлари ҳамда Оҳангарон тумани ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбири давомида Кўксарой маҳалласи ҳудудида Сибир тоғ эчкисининг тана қисмлари сотилаётгани маълум бўлди.
Ўрганишлар жараёнида мазкур ҳайвон фуқаро У.М. томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда отиб ўлдирилгани аниқланган.
Ҳолат бўйича «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 32- ва 33-моддалари, шунингдек, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 17-, 23- ва 27-моддалари талаблари бузилгани қайд этилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик оқибатида ҳайвонот дунёсига 6 миллион 180 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Айни пайтда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш мақсадида тегишли ҳужжатлар суд органларига юбориш учун тайёрланмоқда.







