Янги тартибга мувофиқ, фуқаролар хавфли ишлаб чиқариш объектлари ҳамда техник қурилмалардан фойдаланиш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига фото ва (ёки) видеоматериаллар кўринишида тақдим этиши мумкин.

Тақдим этилган материаллар ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ҳуқуқбузарлик ҳолати тасдиқланган тақдирда, уни аниқлашга ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш механизми қўлланилади.

Мазкур тартиб хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш, эҳтимолий авария ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Мутахассислар фикрича, фуқароларнинг бундай жараёнларга жалб этилиши хавфсизлик талаблари ижроси устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини шакллантириш, қоидабузарликларни эрта аниқлаш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш имкониятини оширади.

Янги тартиб 2026 йил 1 августдан кучга киради.