Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган хориж фуқаролари фош этилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 12 июн куни Ўзбекистонга келган Украинанинг 1994, 1997 ва 2001 йилларда туғилган уч нафар фуқароси вақтинчалик истиқомат қилаётган Яшнобод туманидаги икки хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Текширув давомида улар пойтахтнинг турли ҳудудларида «закладка» усулида тарқатиш учун тайёрлаб қўйган наркотик моддалар аниқланган.
Улардан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари орасида «гашиш», «мефедрон» ва «алфа-ПВП» бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги 1 килограмм 945 граммни ташкил этган.
Шунингдек, интернет орқали фаолият юритувчи наркодўкон ташкилотчилари томонидан мазкур шахсларга кейинчалик қайта қадоқлаб тарқатиш учун хуфия жойда қолдирилган яна 460 грамм «мефедрон» ва «алфа-ПВП» ҳам ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.











