Ўзбекистон | 17:43 / 06.10.2024
14155
8 дақиқада ўқилади

«Ёпа олса яхши, йўқса бошқа сценарий кўрилади» — вазир Бойсун конидаги вазият ҳақида

Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, ҳозирги тузилган режа бўйича конни жиловлаш учун камида яна 2–3 кунлик тайёргарлик ишлари қолган, қўшимча ускуналар олиб келинган, уларни ўрнатиш жараёни кетмоқда. Агар бу сценарий иш бермаса, яна бошқаларига ўтилади ва бу 2–3 ой вақт олиши мумкин.

Фото: Lolazor Podcast / YouTube

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 1 сентябр куни Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги М-25 конида водород сулфид юқори бўлган газ чиқиши бошланган ҳодиса ҳали бартараф қилинмаганини маълум қилди. У бу ҳақда Lolazor подкастида айтиб берди.

Ҳозирда конда вазият қандай, нималар қилинмоқда?

Вазир кон ҳали ҳам ёпилмагани, ҳозир у ерда хорижлик мутахассислар ишлаётганини таъкидлаган. У Ўзбекистонда бунақа йирик техноген ҳодисалар 6 марта рўй бергани, уларни бартараф этиш 3 ойдан 6 ойгача вақт олишини қайд этди.

«Чунки босим юқори, у ердаги [М25 конидаги] техноген [вазият] бўлгандан кейин ўша нарсани синдириб юборган, ёрворган. То уни ёпгунча ҳам ҳар хил усуллари қилинади. Биринчи, унинг устига “заглушка” қўйилиб ёпилди. Лекин таркибида юқори даражада водород сулфиди бўлган газ бўлгани учун емириб юборган ерларидан қайта сизиб чиқиб кетди. Ҳозир ўша ерини ёпиш бўйича ишлар кетяпти. Параллел қолган вариантлар кўриляпти.

Ҳозирги тузилган режа бўйича камида 2-3 кунлик яна тайёргарлик ишлари бор, чунки имитация қиляпти, турли ускуналар олиб келинди, хавфсизлик [чоралари] кўрилди. Америкадан мутахассислар келди, Cudd Well Control дунёдаги биринчи рақамли авария ҳолатларини бартараф қиладиган компания бор, Halliburton келди, Schlumberger’ни чақирдик, Озарбойжоннинг Socar компанияси бригадаси келди.

Улар ҳам ҳамма иш режасини кўриб, кўрилаётган чоралар тўғри эканини тасдиқлади, қўшимча ускуналар олиб келинди. Фақат технологик тараф: босим юқори ва у ерда фақат тегишли ниқоблар билан ярим соатдан кўп ишлаб бўлмайди. Чунки кислород баллонлари ярим соатга етади, кейин бригадалар алмашадиган тизим қилинган. Шу орқали ҳозир бартараф этиш чоралари кўриляпти.

Зарарни камайтириш мақсадида бир қисм газ чиқариб ёқиб юборилди. Ҳозир шу чоралар кўриляпти. 2-3 кундан кейин мосламани ўрнатишади, ёпишга ҳаракат қилиб ёпа олса, яхши. Бўлмаса кейинги сценарийларга кўра қудуғини очиб, ёнидан қўшимча қудуқ бурғилаб, шу орқали ёпишга ҳаракат қилинади. Бу 2-3 ой вақтни олиши мумкин», – деди Мирзамаҳмудов.

Одамларга қандай ёрдам қилинди?

Суҳбат давомида иқтисодчи Отабек Бакиров жамоатчиликнинг асосий эътирози табиий офат билан боғлиқ эмаслиги, кўплаб норозиликлар ахборот таъминоти ҳамда Бойсун аҳолисига зарур бўлган ёрдам кўрсатилмагани сабаб янграганини қайд этди. Бунга жавобан Жўрабек Мирзамаҳмудов реал вазият бошқача эканини билдирган.

«Биринчидан, биз 1 сентябр куни кечаси етиб бордик, чунки [соат] 7:00 даги самолётда учиб, етиб боргунимизгача бутун тизим мобилизация қилиб бўлинганди. Давлат органлари, эвакуацион, тиббиёт бригадалари, техника... Олдин қандайдир офат юз берганда бундай нарсага имкон бўлмаган.

 Тизим кучайтирилган, Кофрун деган қишлоқ яқин ва чуқур бўлгани учун [одамлар] тезлик билан эвакуация қилинган.“Самосвалларга юклаб одам ташиди”, бу – умуман бўлмаган нарса. Белгиланганидек, одамлар олиб борилган, шароит қилинган, уч маҳал иссиқ овқат қилиб берилган. Бориб ўзимиз ҳам ҳамма шароитини кўрдик. Тизим кучайтирилиб, датчиклар қилинган.

 Бир ҳафта ўша ерда, авария бўлган коннинг олдида, 200 метр масофада юрдик. Ҳар куни келамиз, объектларга борамиз. Яъни қолган ерларда датчиклар ўрнатилган – ҳам бурғилаш компанияси периметри бўйича коннинг атрофида, ҳам аҳоли пунктлари бўйича – ҳамма ерда», – деди расмий вакил.

Мирзамаҳмудов ваҳима қилмаслик кераклигини, таркибида заҳарли водород сулфиди бор бўлган газ ҳиди «Муборак», «Шўртан», «Газли» конларидан ҳам чиқиб туришини таъкидлади.

«Бу – бўлиб турадиган, табиий [ҳолат]. Фақат “ПДК” бекорга чиқарилмаган, «Предельно допустимая концентрация» (Максимал рухсат этилган концентрация), меъёр бор, шу меъёр доирасида. Яъни ҳамма ерда нега одамлар, бригадалар қўйилди, эвакуацион тизим тайёрлаб қўйилди? Агарда нормадан ошиб кетилса, одамлар эвакуация қилинади деб. Ҳар бир эвакуация қилинган ерга ички ишлар, Миллий гвардия одамларини қўйди. Аҳолининг бирор нарсаси, ҳаттоки кетганларнинг ҳайвонига ҳам қараб турилди. Яъни тизим ишлади», – дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, вазир моддий ёрдам масаласида ҳам гапириб ўтди. Унинг ишора қилишича, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони оператори ёки бурғиловчи компанияси зарар кўрганларга моддий ёрдам кўрсатган. Аммо вазир унинг қийматини очиқламаган.

Нега Бойсун ахборотдан узилди?

Суҳбат давомида подкаст ҳаммуаллифларидан бири Қобил Хидиров умумий фонда кон билан боғлиқ вазиятда икки хил картина пайдо бўлаётгани, асосий муаммо ахборот берилмаганида эканини айтди. Унга кўра, биринчи ўринда одамларни ваҳимадан асровчи омил тўғри ахборот бериш билан боғлиқ.

Жўрабек Мирзамаҳмудов бу борада функцияларга бўлиб, кунлик соатбай тизим қилиниб, авариянинг ликвидацияси билан ишлаганини айтди. Таъкидланишича, бунда маҳаллий ҳокимият одамларни огоҳлантириш, ИИО, Миллий гвардия, ССВ тизимлари, СЭС ходимлари юриб, тушунтириш билан шуғулланган.

 «Нимага маълумот берилмади? Чунки ҳар хил вариантлар, чоралар кўрилди. Масалан, биринчи куни биз ўйлагандикки, “скважено” (қудуқ)нинг тепасида кесадиган махсус мосламаси бор, шу ишлайди деб. Чунки чўғ чиқмаслиги учун биринчи ўринда электр энергияси ўчирилганди. Боиси, бирор нарса чиқса, аланга бўлиб кетади, хавфсизликни таъминлаш мақсадида биринчи куни фақат шуни ишлатишга вақт кетди.

Унга қўшимча равишда агрегатлар олиб келинди, етарли босим қилиб, ишлатилди. 2 кун шу нарса учун ҳаракат қилдик. Яъни режа А, Б – шу сценарий бўйича кетилди. Лекин тизим ҳар куни қандай бўляпти, нима бўляпти, аҳолининг озиқ-овқати, кўчганларнинг жойи нима бўляпти – ҳаммаси тўлиқ [назоратга олинганди], вилоят ҳокими ҳам ўша ерда эди, туман ҳокимлиги – барча ишлади», – деди Мирзамаҳмудов.

Шунингдек, вазир кондаги авария вақтида Бойсунда бўлган вақтида аҳоли орасида ҳеч қандай муаммо юзага келмагани, қўрқув муҳити яратилмаганини маълум қилди. Унинг айтишича, фуқароларга кўчиш учун етарлича ресурслар берилган, аммо айримлари кўчишни истамаган.

Энергетика вазирига кўра, такрорий аварияда 650 аномал атмосфера босими билан кондан газ отилиб чиққан, шунинг оқибатида 4 нафар ходим вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, конда дастлабки офат 1 сентябр куни содир бўлиб, 15 сентябрда жиловланганди. 17 сентябрда эса 2-авария ҳолати юзага келди ва қурбонлар қайд этилди. Бу ҳақдаги маълумот бир кун ўтиб АОКАда бўлиб ўтган бошқа мавзудаги матбуот анжуманида берилганди.

18 сентябрда ўтган брифингда энергетика вазири вафот этганларнинг оиласи пудратчи ташкилот томонидан оталиққа олинишини хабар қилганди.

Мавзуга оид