Kun.uz мухбири Кофрун қишлоғида, аҳоли эвакуация қилинган жойда ва касалхонада бўлиб, вазиятни ўрганди. Бойсунда мактабдан қайтаётган болаларнинг газдан заҳарланиб йиқилиб қолгани ҳолатлари кузатилган. Биз суҳбатлашган аксар аҳолининг фикрича, конни бурғилаётган пудратчи компания етказилган зарарлар учун компенсация тўлаши керак.

17 сентябр куни Бойсун туманидаги газ конида содир бўлган такрорий авария натижасида 4 киши ҳалок бўлиб, 11 киши жабрланди. Қудуқдан олтингугурт гази сизиб чиқиши давом этиб, ҳамон аҳоли саломатлигига хавф солмоқда.

Кон Бойсун шаҳридан 20 километр жануби-шарқда, тоғолди-адир релефида жойлашган.

Авария юз берган қудуққа энг яқин аҳоли яшаш пункти бу – Кофрун қишлоғи. Қишлоқ айни пайтда деярли ҳувиллаб қолган. Аҳоли эвакуация қилингандан сўнг оилалардан бирор киши қишлоққа келиб, уй ҳайвонларининг суви ва ем-хашагини бериб кетмоқда.

“Бошимиз оғрияпти, кўнглимиз айнийди. Болаларимни Работга ташлаб, уйдаги мол-ҳолларга сув, ем бериш учун уйга келиб-кетяпман. Одамларнинг уйидан қўйлари, моллари ўғрилангани ҳақида ҳам гаплар чиқди”, дейди кофрунлик аёл.

Қишлоқдан кўчиб кетмаганлар ҳам бор. Улар уйларидан чиқиб кетса, сарсон бўлишини айтади.

“Мен ҳам шу соҳада ишлаганман. Олтингугурт зарарли газ ҳисобланади, қийналиб ётибмиз. Набираларим шаҳарда, қизимникига кетишган. Мен, бир неварам ва кампирим уйдамиз. Компенсация деган нарса бериш керак, солиқдан озод қилиш керак... Туриши зиён-да бу газнинг. Бу ердан чиқиб, коллежга боринглар дейди. У ерга борган билан шароит йўқ, ичкарида сув йўқ дейишяпти.

Одамларнинг қон босими кўтарилиб, томоқ оғриғи, кўз оғриғи, ҳар хил қийинчиликларга дуч келяпти. Кимнинг қаерида оғайниси бўлса, ўша ерга бориб турибди. Қариндоши йўқлар коллежда ётибди. Бугун қишлоқда қолганларга Eriell компаниясидан озиқ-овқат: ёғ-мой, гўшт, майда-чуйда ташқатиб кетишди”, дейди кофрунлик бир пенсионер эркак.

Бойсунда қиш совуқ келади. Ҳозир қишлоқнинг эвакуация қилинган аксарият аҳолиси Бойсун шаҳрида, қолганлари турли ҳудудларда яшайдиган қариндошлариникига кетган. Одамлар қишда қаерга боришга ҳайрон, шу сабаб офат бартараф этилишидан умид қилмоқда.