Ўзбекистон | 08:35 / 31.03.2022
39297
9 дақиқада ўқилади

Муҳокама якунланди. Жамоатчилик танқидига учраган ҳукумат қарори лойиҳасининг тақдири нима бўлади?

Йўл-патруль хизмати ходимларини видеотасвирга олиш ва уларни тарқатишни тақиқлашга оид ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамаси 29 март куни якунланди. Хўш, ИИВ ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат эътирозларга қарамай қабул қилинадими ёки жамоатчилик фикри инобатга олиниб бу таклифдан воз кечиладими?

Келинг, гап нима ҳақида кетаётганига икки оғиз тўхталсак. Маълумки, амалдаги қонунчиликка кўра хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар органлари ходимлари, шу жумладан, йўл-патруль хизмати инспекторларини видео ёки фототасвирга олиш ва уларни ижтимоий тармоқларга жойлашга ҳеч қандай чеклов ҳам, жавобгарлик ҳам йўқ. Буни аввалроқ ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам тасдиқлаганди.

ИИВ томонидан таклиф этилган лойиҳада эса хизмат вазифаларини бажараётган йўл-патрул хизмати ходимининг фото ва видеотасвирларини унинг рухсатисиз интернетга жойлаштирмаслик кўзда тутилган. Хўш, Ички ишлар вазирлигига бундай ташаббус билан чиқиш нима учун керак бўлиб қолди?

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов бу заруратни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаолиятини салбий бўёқларда ёритиш орқали даромад топишни касб қилиб олган ижтимоий тармоқ фаоллари, жумладан, автоблогерлар томонидан кейинги пайтда текширилмаган, нохолис ва ҳатто ёлғон маълумотлар тарқатилаётгани, бунинг оқибатида эса асл ҳақиқатдан бехабар интернет фойдаланувчилари Йўл патрул хизмати ходимларини камситувчи ҳақоратомуз изоҳлар ёзиб қолдиришаётгани, бунинг ортидан ички ишлар органи ходимининг қадр-қиммати топталаётгани билан изоҳланган.

Ғиёсовга кўра, интернетда тарқалган видео асоссиз экани маълум бўлганидан сўнг аксарият ҳолатда Йўл патрул хизмати ходимини обрўсизлантирувчи материални тарқатганлар видеони ўчиришмайди, шунингдек, бирёқлама, расмий идоралардан изоҳ олмай туриб тарқатилган видеоларга ёзиб қолдирилган изоҳлар ҳам йиллар давомида сақланиб қолади, бундан эса нафақат ходимнинг ўзи, балки яқинлари ҳам руҳан эзилади. Ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган воқеа аслида бошқача бўлгани маълум бўлганидан кейин ҳам ҳеч ким инспектор ва унинг яқинларидан узр сўрамайди.

Тан олиш керак, интернетда асоссиз маълумот тарқатувчилар кўп. Хусусан, Йўл патрул хизмат ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги тортишувларни даҳшатли сарлавҳалар билан интернетга жойлайдиганлар, ҳаттоки, видеоларни кесиб, уни кўрган одамни жунбишга келтирадиган шаклда монтаж қилиб тарқатаётганлар ҳам талайгина.

Таъбир жоиз бўлса, мактаб кўрмаган, ахборот тарқатишнинг масъулиятини ҳис қилмайдиган, соҳага оид қонунларда ҳуқуқлар билан бирга мажбуриятлар ҳам белгилаб қўйилганидан бехабар бундай кимсаларни оқлаб бўлмайди. Лекин амалдаги қонунларимизда ёлғон ахборот тарқатганлик, туҳмат қилганлик, ижтимоий тармоқ ёки ОАВ орқали текширилмаган ахборот тарқатиш натижасида бошқа бировнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйига путур етказганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланган.

Башарти ЙПХ ходимлари шу даражада ёлғон ахборот қурбонига айланаётган экан, қонунга зид маълумот тарқатаётганларни суд орқали жавобгарликка торттиришга ким халал бермоқда?

Қолаверса, ЙПХ ходимларини обрўсизлантиришга уринган шахслар тегишли жазосини олганлиги ҳолатлари ҳам бор. Ички ишлар ходимларини “мент” деб атагани учун автоблогер Бобур Ғаниев суд қарори билан 15 суткага қамалган эди.

Агар Ички ишлар вазирлиги томонидан таклиф этилаётган норма кучга киргудек бўлса, ЙПХ ходимлари ўзларини тасвирга олишларига буткул қарши чиқишлари, бу эса уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини йўққа чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳукумат қарори лойиҳасига қарши чиққан блогерлар ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллар бу ҳаракатни “ёпиқлик томон ташланган қадам” деб аташмоқда.

2021 йилнинг май ойида Самарқанд вилояти Пахтачи туманида ИИБнинг хизмат машинаси туман марказидаги асосий кўчага чиқувчи маҳалла йўлини сабабсиз тўсиб тўхтаган, йўлга чиқа олмай қолган ҳайдовчи сигнал бергач, ЙҲХБ бошлиғи келиб унинг машинасини жарима майдонига жойлаштириш ҳақида ходимига топшириқ берганди.

Мазкур ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг тармоқ фойдаланувчилари томонидан Пахтачи туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мақсуд Тоғаевнинг хатти-ҳаракатлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, натижада Мақсуд Тоғаев ҳамда унинг қонунга зид топшириғини бажарган инспекторга нисбатан чора кўрилганди.

Агар таклиф этилаётган лойиҳа шу тарзда тасдиқлангудек бўлса, бу каби ҳолатларда видеони тарқатишдан олдин ЙҲХХ ходимидан рухсат сўраш керак бўлади. Табиийки, у бунга рози бўлмайди ва жамоатчилик тизимдаги қонунбузарликлардан бехабар қолаверади.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳукумат қарори лойиҳасига нисбатан блогерлар ва интернет фаолларининг танқидларига муносабат билдираркан, 2021 йилда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ 707 та салбий ахборот тарқатилган бўлса, текшириш натижасига кўра, уларнинг бор-йўғи 55 таси ўз тасдиғини топганини очиқлаганди.

Дарҳақиқат, 707 та ҳолатдан 55 та ҳолат тасдиқлангани 10 фоизлик ҳам кўрсаткич эмас. Бироқ агар мана шу видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалмаганда, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолиб кетмасмиди? Ким ҳам тизимга “минус” бўладиган ахборотни очиқларди дейсиз? Ҳеч қайси давлат органининг ахборот хизмати бундай йўл тутмаса керак. Айнан жамоатчилик назоратининг маҳсули ўлароқ шунча қонунга зид ҳолат аниқланганининг ўзи ҳам ЙПХ ходимларини тасвирга олишни чеклаш мантиқсиз эканини кўрсатиб турибди.

Узоққа бормайлик, яқиндагина Наманган вилоятида ЙҲХБ ходими автомашинасидан тушишни истамаган ҳайдовчига электрошокер қўллагани акс этган видео тарқалди. Ҳолатга муносабат билдирган вилоят ИИБ ахборот хизмати бунга оддий ҳолат сифатида муносабатда бўлганини кўриш мумкин. Расмий баёнотга ишонилса, ҳайдовчи шантажчи, қонунбузар, инспектор эса фаришта.

Ваҳоланки, ходим бу ҳаракатлари билан амалдаги қонун талабларини қўпол равишда бузгани маълум бўлди. Kun.uz’нинг ИИВдаги манбаси хизматга оид тегишли буйруқда ЙПХ ходими ушбу ҳолатда электрошокер қўллашга ҳақли бўлмагани, у фақат фаол қаршилик пайтида қўлланиши мумкинлиги белгиланганини билдирди. Ички ишлар органлари тўғрисида қонунда ҳам шу мазмундаги норма бор.

Интернет фаолларининг таъкидлашича, Ички ишлар вазирлигининг бундай ташаббус билан чиқишига сабаб соҳа қонун-қоидаларини яхши билмайдиган, ўз ишининг мутахассиси бўлмаган, коррупцияга мойил ЙПХ ходимлари ҳам борлигидир. Фуқаролар томонидан тарқатилаётган видеолар орқали уларнинг малакасизлиги ва қонунга зид ҳаракатлари фош бўлиб қолмоқда.

“Айрим пайтда унвони ва лавозими юқори ЙПХ ходимлари ҳам ҳайдовчилар билан муносабатда хатога йўл қўйиб, бунинг ортидан изза бўлиб қолаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Қолаверса, ходимлар хизмат ваколатларидан четга чиқиб, фуқароларга куч ва тазйиқ ўтказаётган ҳолатлар акс этган видеолар ҳам чиқиб кетмоқда. Шу сабабли ИИВ ЙПХ ходимларини видеога олишни тақиқлаш орқали тизим обрўйини сақлашга уринмоқда, назаримда”, дейди блогер Сарвар Қурбонов.

Расмийлар бугунги кунда барча йўл-патрул хизмати ходимлари бодикамералар билан таъминлангани, агар фуқаро ва инспектор ўртасида қандайдир низо юзага келадиган бўлса ёки ходим ваколатлари доирасидан четга чиқса, бунга бодикамера ёзувлари орқали аниқлик киритиш мумкинлигини дастак қилиб кўрсатишлари ҳам мумкин. Бироқ инспекторларнинг ишламаётган бодикамералар билан юргани тасдиқланган қатор ҳолатлар аниқланган, қолаверса, бодикамера тасвирлари ҳеч қачон оммага борича намойиш этилмайди. Буни Каттақўрғонда ЙПХ ходимлари солиқчининг ўлимига сабабчи бўлган ҳолат мисолида ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлдик. ИИВ томонидан тарқатилган дастлабки ахборотда бодикамералар ёзиб олган тасвирлар монтаж қилиниб тарқатилгани, фақат суддагина воқеа аслида қандай рўй бергани ойдинлашди.

Ҳозирча айтмоқчи бўлганларимиз шулар. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйишдан мақсад фуқароларнинг муносабатини билиш ва шунга қараб қарор қабул қилишга қаратилган. Шундай экан, минглаб эътирозларга сабаб бўлган ҳукумат қарори лойиҳа қабул қилинадими ёки жамоатчиликнинг фикрлари инобатга олиниб, таклиф рад этиладими, буни вақт кўрсатади.

Жамшид Ниёзов
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид