Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марказий Осиё давлатлари "Made in Central Asia" брендини яратади
Минтақа давлатларининг савдо вазирлари Тошкентда йиғилиб, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, "Made in Central Asia" саноат брендини шакллантириш ва қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Фото: Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги
2025 йил 13 ноябр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбойжон савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Made in Central Asia саноат брендини шакллантириш ва қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирнинг асосий мақсади минтақа давлатлари ўртасида савдо, инвестиция ва саноат кооперацияси соҳаларида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацион ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган қўшма ташаббусларни илгари суришдан иборат бўлди. Ушбу йиғилиш минтақавий иқтисодий мулоқотни институционал асосда ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида қайд этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев, Тожикистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Завқи Завқизода, Туркманистоннинг савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назар Агаҳанов, Озарбойжон иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Элнур Алиев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов иштирок этди.
Йиғилиш давомида Марказий Осиё мамлакатларининг савдо ва инвестиция учун масъул раҳбарлари ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Хусусан, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:
- ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича самарали механизмларни яратиш;
- Made in Central Asia бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонларини шакллантириш;
- халқаро молия институтлари ва йирик инвесторларни инфратузилма ва саноат лойиҳаларига жалб этиш.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдоси сўнгги йилларда барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда.
2017 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3,2 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич икки бараваридан ортиқ ўсиб, 6,9 млрд долларга етди.
Шу жумладан:
- Қозоғистон билан савдо ҳажми 4 млрд долларга яқинлашган;
- Қирғизистон билан – 700 млн доллар атрофида;
- Тожикистон билан – 570 млн доллардан ошган;
- Туркманистон билан сўнгги беш йилда савдо икки бараваридан кўпроқ ўсиб, 1,15 млрд долларга етган;
- Озарбойжон билан савдо айланмаси эса жорий йил бошидан буён 13 фоизга ўсгани қайд этилди.
Йиғилишда божхона ва чегара тартиб-таомилларини янада оптималлаштириш, транспорт-логистика инфратузилмасини уйғунлаштириш, ишлаб чиқариш занжирларини бирлаштира оладиган саноат ҳабларини яратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Саноат кооперациясини ривожлантириш, хомашё ва технологик имкониятларни биргаликда ўзлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш йўналишлари бўйича ҳам таклиф ва ташаббуслар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, кооперация ва қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, шунингдек, инвестицион ўзаро ҳамкорликнинг янги механизмларини шакллантиришга оид асосий келишувларни ўз ичига олган қўшма коммюнике имзоланди.
Тадбир конструктив ва ишчан руҳда ўтди ҳамда Марказий Осиё давлатларининг саноат ва инвестиция соҳаларида энг динамик ривожланаётган ҳудудлардан бири сифатида минтақанинг биргаликда илгарилашини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Мавзуга оид
19:32
Швейцария Марказий Осиё учун 200 млн долларлик дастурни ишга туширди
19:21 / 30.03.2026
Тадқиқот: Марказий Осиё дарёлари музликларга боғлиқ ҳолда ўзгариш босқичида
17:30 / 25.03.2026
Қўштепа, Орол, Роғун ва сув танқислиги – вазир билан суҳбат
09:04 / 23.03.2026