Ўзбекистон | 13:17 / 02.01.2023
19485
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ҳам “Док-1 Макс”дан заҳарланиш ҳолати аниқланди

3 ёшли бола Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг болалар реанимация бўлимига “Док-1 Макс” сиропидан ўткир заҳарланиш ташхиси билан ётқизилган. Боланинг аҳволи оғир.

Фото: Kun.uz

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котибининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, Қувасой шаҳрида яшовчи, 2019 йилда туғилган А.Н. Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими йўлланмаси билан 2022 йил 28 декабр куни соат 12:35 да филиалнинг қабул диагностика бўлимига олиб келинган. Қабул диагностика бўлимида касаллик тарихи юритилиб, болалар реанимация бўлимига ётқизилган.

Маълум бўлишича, бемор шамоллашдан даволанишда уй шароитида “Док-1 Макс”сиропини меъёридан ортиқ истеъмол қилган. Мазкур сиропдан ташқари у яна бир қанча дори воситаларидан фойдаланган.

Беморга “Док-1 Макс”сиропидан ўткир заҳарланиш ташхиси қўйилган. Болада ўткир буйрак етишмовчилиги кузатилган. Ота-онасининг маълум қилишича, болада сийдик чиқмаслиги, қайт қилиш, қўл-оёқлар шишиши ҳолати кузатилган.

2022 йил 22 декабр кунидан буён бемор касаллиги йўтал билан бошланган. Боланинг онаси дорихонадан “Док-1 Макс”сиропини шифокор тавсиясисиз олган ва фарзандига 4 кун давомида 5 млдан 10 марта ичирган.

Ҳозирда беморнинг аҳволи оғир бўлиб, болалар реанимация бўлимида белгиланган тартибда даволанмоқда.

Мавзуга оид