Ўзбекистон | 23:14 / 24.03.2026
7863
2 дақиқада ўқилади

“Квоталарни йилдан йилга оширсак бўлади” – Беҳзод Мусаев АҚШ билан пилот лойиҳа ҳақида 

Миграция агентлиги АҚШнинг USA Farm Labor ташкилоти билан келишув имзолагани хабар қилинганди. Унга мувофиқ ўзбекистонликлар Қўшма Штатлардаги фермаларда ойига ўртача 3500 доллар маош билан ишлашлари мумкин бўлади. Kun.uz билан бу мавзуда гаплашган агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевга кўра, ҳозир пилот лойиҳа доирасида квоталар белгиланмоқда. 

Фото: Kun.uz

Куни кеча Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев АҚШнинг USA Farm Labor ташкилоти раҳбари Мануэл Фик билан музокара олиб бориб, унда ўзбекистонлик номзодларни илк бор АҚШдаги мавсумий ишларга жалб этиш тартиби муҳокама қилингани хабар қилинган эди. Мусаевнинг Kun.uz’га айтишича, ҳозир шу лойиҳа доирасида квоталар белгиланмоқда. 

Биз мана жуда катта ютуққа эришдик деб ҳисобласак бўлади. Американинг US Farm Labor деган ташкилоти, бу барча фермерларни бирлаштирадиган ташкилот. Америкада табиийки, ойлик юқори. Улар асосан Лотин Америкасидан ишчи кучини жалб қилиб келаётган эди. Америка билан охирги йиллардаги жуда бир яқинлик, дўстона, стратегик алоқаларнинг тикланиши бизнинг соҳада ҳам йўл очиб келмоқда ва улар энди шу ташқаридан, чет мамлакатдан жалб қилинадиган ишчи кучига Ўзбекистонни ҳам қўшишди. Демак, бугун биз энди квоталар мавзусида гаплашамиз”, деди Беҳзод Мусаев. 

Агентлик раҳбарининг қўшимча қилишича, лойиҳа бундан олдин қилинмагани боис биринчи гуруҳда борадиган ўзбекистонликларнинг ўзини тутиши, масъулияти кейинги ишларни белгилаб беради. 

Келишув имзоланди, онлайн форматда, ҳар ҳолда орамиз жуда узоқ бўлгани учун. Энди кейинги масала квоталарни ажратиш ва биринчи навбатда улар учун ҳам биз янги иш кучи бўлганимиз, янги миллат, янги мамлакат бўлганимиз учун биринчи масала пилот лойиҳасида маълум бир одамларни юборганимиздан кейин, уларнинг меҳнатга нисбатан бўлган қобилияти, масъулияти, қонунга риоя қилиши, у жамиятга тез интеграция бўлишини кўрсата олганимиздан сўнг, албатта, бундай квоталар йилдан йилга ошиб боришига эришамиз”, дея қўшимча қилди Мусаев.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид