Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Миллиондан ортиқ йўл белгиларининг ҳаммасини онлайн реестрга киритиш таклиф этилмоқда” — адлия масъули
Адлия вазирлиги таклиф этаётган лойиҳа қабул қилинса, Ўзбекистондаги нафақат тақиқловчи, балки барча турдаги йўл белгиларининг электрон реестри шакллантирилади ва доимий янгилаб турилади. Реестрга киритилмаган тақиқловчи йўл белгиларига амал қилмаганлик учун жавобгарлик қўлламаслик таклиф қилиняпти.
Адлия вазирлиги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга йўл ҳаракатини тартибга солишнинг шаффофлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар таклиф қилинган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Лойиҳада Ўзбекистондаги барча йўл белгиларининг электрон реестрини шакллантириш ва реестрга киритилмаган тақиқловчи йўл белгилари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслигини белгилаш таклиф қилинган.
12 июл куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири вазирлик масъулларидан реестр ва бу янги нормалардан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлари ҳақида сўради.
“Реестрни жорий этишимизга сабаб – жамоатчиликда тақиқловчи белгилар қачон ва қаерда ўрнатилгани ҳақида маълумот йўқ. Биз электрон реестрга барча йўл белгиларини киритишни таклиф қиляпмиз. Лекин ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармасликка доир норма фақат тақиқловчи белгиларга нисбатан қўлланади.
Бизда миллиондан ортиқ йўл белгилари бор. Агар биз бошқа йўл белгиларни ҳам [реестрга кирмаса] ҳуқуқий оқибат келтирмайдиган қилсак, эртага тескари эффект бериб кетиши мумкин. Чунки бошқа йўл белгилари техник сабабларга кўра реестрга киритилмаслиги ё тезкорлик билан киритиладиган, тақиқловчи бўлмаган йўл белгилар бор… Бу ерда салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳисобга олиб, норма фақат тақиқловчи белгиларга нисбатан татбиқ қилиняпти”, – деди Адлия вазирлиги масъули Маъруф Назаров.
Вазирлик вакили МЖтКда йўл қоидаларига риоя қилмаганлик учун жавобгарлик белгилангани, лекин жавобгарликнинг ўзи йўл ҳаракати қоидаларига доир қонунга асосланишини таъкидлади. Шу сабабли ҳозир таклиф этилаётган ўзгаришларни МЖтКга киритишга зарурат йўқлиги айтилди.
“Реестрни юритиш билан боғлиқ вазифа бевосита ИИВнинг Жамоат хавфсизлиги департаментига юклатиляпти. Балки алоҳида платформа яратилар ёки ИИВ тегишли бошқармаси сайтида бўлар. Лекин ҳамма учун очиқ бўлади, ҳар ким хоҳлаган жойдаги йўл белгисини очиб, белгини дислокацияси жойлашган жойга қадар кўриш имкони бўлади. Миллиондан ортиқ белги бўлса, ҳаммаси киритилади, бунда муаммо бўлмайди, деб умид қиламиз. Реестрнинг янгиланиб туриши доимий бўлади, яъни янги киритилган белгилари қўшилади ёки бекор бўлган белгилар олиб ташланади”, – деди ташаббусни илгари сураётган адлия ходими.
Мавзуга оид
14:03 / 14.02.2026
Россия Адлия вазирлиги “чет эл агентлари” рўйхатига яна уч журналистни киритди
09:01 / 31.01.2026
АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 млн саҳифадан ортиқ материални эълон қилди
11:42 / 28.01.2026
1200 дан ортиқ одамга сохта “права” қилиб берганлар устидан тергов кетмоқда
13:54 / 22.12.2025