Иқтисодиёт | 16:20 / 26.05.2026
7434
10 дақиқада ўқилади

Ўлим тўшагида очилган сир: турк тадбиркорининг Швейцария банкига қарши молиявий уруши

Туркиялик тадбиркор Саид Али Байрак отасидан мерос қолган бойликни қайтариб олиш учун қарийб 21 йилдан бери кураш олиб боряпти. Гап Швейцария банкида сақланаётгани айтилаётган 6 тонна олтин ҳақида кетяпти. Қиймати 2 миллиард долларга баҳоланаётган ушбу хазина атрофидаги можаро халқаро молия оламида катта шов-шувга сабаб бўлди. Швейцария банки “даъво муддати ўтгани” ва “манбани исботлаш” каби омилларни рўкач қилаётган бўлса-да, Байрак оиласи Туркиядаги “Бойликни қайтариш” қонунига таянган ҳолда ўз ҳақини талаб қилишда давом этяпти.

Швейцария банкларининг ишончлилиги ва у ердаги махфий омборлар ҳақидаги қараш жуда оммавийлашган. Аммо туркиялик тадбиркор Саид Али Байрак билан боғлиқ воқеа бу қарашларга жиддий зарба бериши мумкин. Гап қиймати бугунги ҳисобда 2 миллиард доллардан ошадиган 6 тонна олтин ва Усмонийлар даврига оид бебаҳо бойликлар ҳақида кетяпти. Можаро шу даражага етдики, унга дипломатлар ва нуфузли сиёсатчилар аралашди, 66 та халқаро адвокат бир неча йилдан бери Байраклар оиласи манфаатларини ҳимоя қилиш ва адолат қарор топиши учун курашяпти.

Бунча бойлик қаердан келган?  

Байраклар оиласи оддий тадбиркорлар эмас. Улар тарихан Туркиянинг шарқий Элазиғ минтақасида катта таъсирга эга бўлган ва қарийб 35 000 аъзони ўзида жамлаган Ҳейлани Кебир қабиласига бошчилик қилади. Ушбу минтақада уларнинг куч ва нуфузи анъанавий равишда авлоддан-авлодга ўтган ва йиллар давомида мустаҳкамланиб келган.

Байраклар оиласи бойлигининг тарихий илдизлари Усмонийлар империяси даврига бориб тақалади. Саид Али Байракнинг бобоси минтақада империянинг солиқ йиғувчиси лавозимида ишлаган бўлиб, бу оилага мисли кўрилмаган ҳажмдаги қимматбаҳо металларни тўплаш имконини беради. Тарихий маълумотларга кўра, бу мерос банк ҳисоблари ёки қимматли қоғозлар кўринишида эмас, балки 800 мингтага яқин Усмонийлар олтин тангалари, ноёб қадимий қўлёзмалар ва китоблар, шунингдек, маржонлар ҳамда оғир олтин камарлардан иборат бўлган. Умумий ҳисобда хазинанинг оғирлиги 6 тоннани ташкил этади ва бугунги кундаги қиймати 2 миллиард доллардан ошади.

Туркиядаги сиёсий инқироз

1970 йилларнинг охирига келиб Туркия чуқур сиёсий ва иқтисодий инқироз гирдобига тушиб қолади. Йирик шаҳарлар ва вилоятлар кўчалари радикал сўл ва ўнг гуруҳлар ўртасидаги кескин, кўпинча қуролли тўқнашувлар майдонига айланади. Ҳукумат институтлари фалаж ҳолатга келиб қолади, инфляция кескин ошиб кетади ва давлат хавфсизлиги таҳдид остида қолади. Бундай шароитда "қонун ва тартиб"ни тиклаш учун ҳарбийлар сиёсий жараёнга аралашишга тайёргарлик кўришни бошлайди.

Ҳарбийлар йирик ер эгалари ва қабила бошлиқларини давлат барқарорлигига потенциал таҳдид ёки янги ҳокимият манфаатлари йўлида мусодара қилиниши мумкин бўлган ресурслар манбаи сифатида кўра бошлайди. Бу эса замонавий Туркия тарихидаги капитални кўчириш бўйича энг йирик ва махфий операциялардан бирининг юз беришига туртки бўлади.

Маълумотларга кўра, Ҳасан Байрак олтинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишда британиялик христиан миссионери Девид Хўжа ёрдамидан фойдаланади. Улкан хазина дастлаб Истанбул шаҳрига олиб борилади. Кейин эса кемага ортилиб Европага ташилади ва Швейцариянинг энг йирик банкларидан бўлган Credit Suisseʼнинг зирҳли омборига жойлаштирилади. Мисли кўрилмаган махфий операция генерал Кенан Эвреннинг танклари Туркия шаҳарлари кўчаларига чиқиб, шафқатсиз ҳарбий режим бошланганини эълон қилган 1980 йил 12 сентябрдан атиги бир ярим ой олдин муваффақиятли якунланади.

Ўлим тўшагидаги онанинг сири

Активлар Credit Suisseʼга муваффақиятли ўтказилгач, Ҳасан Байрак то ўлимига қадар олтинни қайтариб олиш ёки унинг ҳолатини текшириш учун ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширмайди. 1999 йилда унинг соғлиғи тез-тез ёмонлаша бошлайди. Ўзининг сўнгги кунлари яқинлашаётганини тушунган отахон сирни рафиқаси Воҳида Байрак билан баҳам кўради, аммо унга қатъий шарт қўяди: олтинлар ҳақида катта ўғли Саид Али 40 ёшга тўлмагунча унга ҳеч нарса айтмаслик керак. Ҳасан Байрак 1999 йил 13 майда вафот этади.

2005 йилга келиб Воҳида она саратон хасталигига чалинади. Кундан кунга аҳволи оғирлашиб бораркан, у эрига берган ваъдасини бузишга мажбур бўлади. Ўша пайтда 38 ёшда бўлган Саид Алини ўз хонасига чақиради ва “ўғлим, Швейцарияда бир сейф бор, у ерда бизнинг бор бойлигимиз сақланяпти”, дейди. Шундан сўнг Воҳида Байрак ўғлига оилавий уйда яширинган ва немис тилида ёзилган расмий банк ҳужжатлари сақланадиган эски сандиқни топширади. Бу қоғозларда банк ҳисобрақамлари, Цюрихдаги сейфлар кодлари ва Ҳасан Байрак қолдирган батафсил кўрсатмалар бор эди. Шу тариқа мижоз билан банк ўртасида тарихдаги энг узоқ давом этган ҳуқуқий урушлардан бири бошланади.

Банк билан зиддиятлар

Расмий ҳужжатлар, отасининг ўлим ҳақидаги гувоҳнома ва ягона қонуний меросхўр эканини тасдиқловчи далиллар билан қуролланган Саид Али активларни қайтариш жараёнини бошлайди. Дастлаб у Credit Suisseʼга хат юборади. 2005 йил сентябр ойида олинган жавоб мактуби бюрократик бўлса-да, умидбахшдек туюлади: банк вафот этган шахсларнинг ҳисоблари бўйича маълумот фақат қонуний меросхўрларга ёки уларнинг расмий вакилларига берилиши мумкинлигини маълум қилади. Бироқ бу конструктив оҳанг тезда қатъий инкор этиш позицияси билан алмашади.

2005 йил декабр ойида Credit Suisse юридик бўлими Байракка мутлақо бошқача мазмундаги хат юборади. Унда банкда Ҳасан Байрак номига ҳеч қандай ҳисоб мавжуд эмаслиги ва тақдим этилган рақамлар уларнинг реестрларида кўрсатилмагани таъкидланганди. Шундан сўнг туркиялик тадбиркор Цюрихга боради ва банкнинг мартабали амалдорлари билан юзма юз учрашувлар ўтказади. Аммо айтарли натижага эриша олмайди.

Рад этиб бўлмайдиган далиллар олдида активлар мавжудлигини инкор этиш имконсиз эканини тушуниб, Credit Suisse вакиллари тактикани ўзгартиради. Ўша даврдаги Швейцария қонунчилигига кўра, агар ҳисоб бўйича ҳеч қандай операциялар амалга оширилмаса ва 10 йил давомида эгасидан мурожаат бўлмаса, ҳисоб “йўқолган” ёки “ҳаракатсиз” тоифасига ўтказилган. Шу асосда банк меросхўрнинг ҳисобни бошқариш ҳуқуқи тугаганини маълум қилади. Бунга қўшимча равишда, банк кутилмаганда "маблағларнинг келиб чиқиш манбасини исботлаш" талабини қўяди.

Қарама-қаршиликнинг кулминацион нуқтаси юзма-юз учрашувлардан бирида содир бўлади. Швейцариялик банкир Саид Алидан 6 тонна олтинни олганидан кейин нима қилмоқчи эканини сўрайди. Байрак бу оилавий мерослиги ҳамда уни Туркияга қайтариш ниятида эканини айтади. Банкир: “Бизнинг банкимиз бундай улкан ресурсларнинг мамлакат ташқарисига олиб чиқилишига қатъиян қарши”, дея жавоб беради. Байракка кўра, унга муқобил таклиф берилган: агар бойликлар Швейцарияда қолишига кафолат берса ва оиласи билан шу ерга кўчиб ўтса, масалани маҳаллий тарзда ҳал қилиш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Аммо бу таклиф рад этилади.

 Дипломатик инқироз

Мазкур иш вақт ўтиши билан нафақат ҳуқуқий, балки дипломатик даражага ҳам чиқди. Швейцариянинг Туркиядаги элчиси Раймунд Кунтз масалани тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида Элазиғга бориб, Байрак оиласининг уйида меҳмон ҳам бўлади. Турк тадбиркорига кўра, элчи Швейцария ҳукумати муаммони тинч ва адолатли ҳал қилиш масъулиятини ўз зиммасига олишига кафолат беришини айтади, бунинг эвазига эса Саид Али сукут сақлаш, матбуотга мурожаат қилмаслик ва оммавий жанжаллар кўтармасликка қатъий ваъда бериши керак бўлади. Байрак бу шартларга рози бўлди, аммо ваъда қилинган ечим таклиф қилинмайди. Усмонийлар даврига оид зийнат буюмлари ва олтин камарлар ҳақидаги даъволар сиёсий доираларнинг ҳам эътиборини тортади. Ҳатто ўша пайтдаги бош вазир бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг маслаҳатчилари ҳам бу ишга аралашади. Ташқи ишлар вазирлиги бойликни дипломатик йўл билан қайтариш учун Туркия ва Швейцария адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнига тайёргарликни бошлайди.

Айни пайтдаги вазият

2023 йилда бир ярим асрлик тарихга эга Credit Suisse мисли кўрилмаган ликвидлилик инқирозига юз тутди. Йиллар давомидаги муваффақиятсиз сармоялар, пул ювиш можаролари ва мижозларнинг оммавий чиқиб кетиши молия гигантини банкротлик ёқасига олиб келди. Вазиятни юмшатиш мақсадида Швейцария регулятори Credit Suisseʼни унинг асосий рақобатчиси UBC банки томонидан сотиб олиниши ва уларнинг бирлашишини ташкил этади. Саид Али Байрак учун бу корпоратив қўшилиш жуда катта аҳамиятга эга эди. UBC банкига нафақат активлар, балки Credit Suisseʼнинг бажарилмаган барча мажбуриятлари ва суд даъволари ҳам мерос бўлиб ўтди.

Айни пайтда олтинларни қайтариш учун туркиялик тадбиркор номидан 66 та халқаро адвокат иш олиб боряпти. Швейцария банки “даъво муддати ўтгани” ва “манбани исботлаш” каби баҳоналарни рўкач қилаётган бўлса-да, Байрак оиласи Туркиядаги “Бойликни қайтариш” қонунига таянган ҳолда ўз ҳақини талаб қилишда давом этяпти. Мазкур ҳолат аллақачон Швейцария сейфларининг ишончлилиги ва бетарафлиги ҳақидаги ишончга жиддий зарба берди. Агар Байрак оиласи судларда ғалаба қозонса, ХХ асрда можароли ҳудудлардан олиб чиқилган бойликларнинг минглаб меросхўрлари сейфларни очиш учун ҳуқуқий асосга эга бўлади. Эҳтимол, айнан шундай занжир реакцияси хавфи UBC’ни тиш-тирноғи билан курашишга мажбур қилаётган бўлиши мумкин.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид