Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Махсус репортаж: ID-карта қандай олинади?
2021 йил 4 январдан эътиборан Ўзбекистонда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида ID-карталар берилиши бошланди. Унинг нархи БҲМнинг 89 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда Kun.uz таҳририяти бир неча бор мақолалар ва репортажлар ҳам эълон қилди. Яқинда Kun.uz мухбири фуқаролик биометрик паспортини ID-картага алмаштириш жараёнига ойдинлик киритиш мақсадида махсус видеолавҳа ҳам тайёрлади. Қуйида у билан танишишингиз мумкин.
ID-карта олишни режалаштираётган фуқароларга шуни алоҳида қайд этиш лозимки, қонунчиликка биноан фуқаро бош кийимида, хусусан рўмолда расмга туша олмайди. Бироқ, эътиқоди талаби бўйича рўмол ўранган аёл туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилганда унга аёл ходим хизмат кўрсатишини сўраши мумкин. Kun.uz мухбирига маълум қилишларича, бу ҳолатда, бўлимда аёл ходим тақдим этиш имконияти мавжуд бўлса, рўмолли фуқароларга айнан аёл ходим хизмат кўрсатади.
Мавзуга доир:
Аввал хабар қилинганидек, ID-карталари белгиланган ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг, 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади. Шу ўринда, бир жиҳатни алоҳида уқтириш керак, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслар ID-карта олиш учун мурожаат қилганларида масъул ходим томонидан 15 кун муддатда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борган ҳолда ID-картаси расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларига ID-картаси 10 йил муддатга тақдим этилади. Фуқаролиги бўлмаган ва хорижий мамлакатлар фуқароларига ID-карта беш йил муддатга расмийлаштирилади.
2011 йилги намунадаги биометрик паспортларни ID-карталарга алмаштириш 2030 йил 31 декабргача бўлган даврда амалга оширилади. 2031 йил 1 январидан 2011 йилдаги биометрик паспортлар амал қилиши тўхтатилади.
Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, президент томонидан 2020 йил сентябрда имзоланган «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, мамлакатда биометрик паспортларни ID-карталарга босқичма-босқич алмаштириш амалиёти белгиланди.
Фармон асосида, мавжуд биометрик паспорт тизими инфратузилмаси негизида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ўрнига 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизими жорий этилди.
Эътиборли томони, идентификация ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмаслиги белгиланди, бу ҳақдаги маълумот ID-карта чипига киритиладиган бўлди.
Фуқаро ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги қайд этилди.
Мавзуга оид
14:41 / 31.12.2025
Актёр Жорж Клуни ва унинг оиласи Франция фуқаролигини олди
19:55 / 26.12.2025
Ўзбекистонда ID-картани қандай олиш мумкин?
18:34 / 12.09.2025
Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга фуқаролик беришни тўхтатиш таклиф этилди
09:16 / 26.06.2025