Ўзбекистон | 17:53 / 25.11.2025
9967
2 дақиқада ўқилади

Адиз Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Президент янги ҳокимга иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш ва энергия тежамкорликни ошириш бўйича Самарқандни намунали ҳудудга айлантириши шартлигини кўрсатиб ўтди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

«Биз юртимизда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиётни барқарор ўстириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича катта-катта марра ва режаларни оляпмиз. Бу ишларни ташкил қилиш учун вилоятга замонавий фикрлайдиган, муаммоларни тизимли таҳлил қилиб, инновацион ечим бера олишга салоҳиятли раҳбар керак», деди давлат раҳбари.

Президент Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев номзодини тавсия этди.

Вилоят фаолларининг номзод ҳақидаги фикрлари тинглангач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

Президент янги ҳокимга у иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш ва энергия тежамкорликни ошириш бўйича Самарқандни намунали ҳудудга айлантириши шартлигини кўрсатиб ўтди.

Адиз Бобоев 2024 йил 28 ноябрда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид