Ўзбекистон | 13:57 / 07.10.2022
8464
3 дақиқада ўқилади

Референдумда овоз бериш тартибига ўзгартириш киритилмоқда

Сенат маъқуллаган қонунга кўра, энди референдумларда овоз берувчининг хоҳиш иродасини «ҳа»/«йўқ» ёки «рози»/«қарши» деб кўрсатилиши белгиланмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати бугун, 7 октябр кунги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаровнинг айтишича, сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа ҳужжатлар моҳиятини аҳолига «содда тилда тушунтиришнинг имкони бўлмаяпти».

«Амалиётда қонун лойиҳаси умумхалқ овозига қўйилганида, овоз бериш бюллетенини тўлдиришнинг амалдаги тартиби фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини ифода этиш учун муайян мураккабликларга тўла. Муҳокамангизга тақдим этилаётган ушбу қонун мазкур ҳолатларни бартараф этиш билан бирга, норматив ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш зарурияти, сабаблари, мақсадлари ва моҳиятини аҳолига содда ва тушунарли тилда етказиш ҳамда овоз бериш жараёнида фуқароларнинг ўз хоҳишларини тўла билдира олишига шароит яратиш учун ишлаб чиқилган», - дейди сенатор.

Қонун билан, «Референдум тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасига ўзгартириш киритилмоқда. Яъни «овоз берувчининг хоҳиш иродасини «ҳа»/«йўқ» ёки «рози»/«қарши» деб кўрсатиш белгиланмоқда.

Қонуннинг амалдаги 29-моддаси қуйидагича баён қилинган:

“Референдумда овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масаланинг матни аниқ акс эттирилади ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари кўрсатилади.

Референдумга бир нечта масала қўйилганда улар битта овоз бериш бюллетенига киритилади, кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонталь чизиқлар билан ажратилади. Қонун лойиҳаси бирон-бир моддасининг муқобил матнлари ҳам кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонталь чизиқлар билан ажратилади. Овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак».

Сенаторлар маъқуллаган қонун билан «Референдум тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасига киритилган ўзгартириш участкадаги стендда бюллетен намунаси ва уни тўлдириш бўйича йўриқномани илишни кўзда тутади.

Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси регламентига доир айрим тартибларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқин ойлар ичида Ўзбекистонда Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказилиши кутиляпти.

Мавзуга оид