13:24 / 24.04.2023
18390

Silk Avia парвозларни бошламоқда. Чипталар қанчадан сотувга чиқди?

Ўзбекистоннинг биринчи минтақавий авиакомпанияси Silk Avia 25 апрел, сешанбадан илк тижорий рейсларини бошлайди. Ҳозирча учта самолётга эга компания Ўзбекистон ичида 6 та йўналиш бўйича парвозларни таклиф қилмоқда.

Фото: Silk Avia

Биринчи рейслар қуйидаги йўналишларда бўлади:

  • Тошкент – ​​Термиз – Тошкент (ҳафтасига 2 марта);
  • Тошкент – ​​Навоий – Тошкент (ҳафтасига 2 марта);
  • Тошкент – ​​Наманган – Тошкент (ҳафтасига 4 марта);
  • Тошкент – ​​Қарши – Тошкент (ҳафтасига 4 марта);
  • Тошкент – ​​Бухоро – Урганч – Бухоро – Тошкент (ҳафтасига 5 марта);
  • Тошкент – ​​Самарқанд – Урганч – Самарқанд – Тошкент (ҳафтасига 7 марта).

“Бизда учта самолёт мавжуд бўлса-да, биз туроператорлар томонидан тавсия этилган қулай учиш ва келиш вақтларини таъминлаган ҳолда учиш жадвалига энг оммабоп йўналишларни киритмоқдамиз. Биз нафақат Тошкентни вилоятлар билан, балки вилоятларни ҳам ўзаро боғлашга ҳаракат қилдик. Янги самолётлар келиши билан, жадваллар ўзгаради ва кенгаяди”,дейилади авиакомпания матбуот хизмати хабарида.

Биринчи босқичда уч хил тарифдаги чипталар таклиф этилмоқда:

  • “Oddiy” тарифи: Қўл юки 5 кг гача (габарити 40х30х20 см дан ошмаслиги керак). Багаж – йўқ. Чиптани қайтариш ёки қайта расмийлаштириш имконияти – йўқ.
  • “Oson” тарифи: Қўл юки 5 кг гача. Багаж – йўқ. Чиптани қайтариш ёки қайта расмийлаштириш имконияти – бор.
  • “Omad” тарифи: Қўл юки 5 кг гача. Багаж – 20 кг гача. Чиптани қайтариш ёки қайта расмийлаштириш имконияти – бор.

Таъкидланишича, авиачипталар нархи 180 минг сўмдан бошланади. Багаж кўзда тутилмаган тарифларда қўшимча тўлов эвазига багаж олиб кетиш имконияти борасида маълумот берилмаган.

Silk Avia Рамазон ҳайити байрами ва сотувлар бошланиши муносабати билан акция эълон қилган: 30 апрелгача барча йўналишларга исталган тарифдаги чипталар энг арзон “Oddiy” тарифи нархида – маршрутга қараб 17 евродан 35 еврогача сотилади, дейилади расмий хабарда.

Чипталарни silk-avia.com сайтидан харид қилиш мумкин. Kun.uz 24 апрел соат 13:00 ҳолатига сайтда мавжуд (сотиб олиш мумкин бўлган) айрим йўналишлардаги чипталар нархларига қизиқди:

  • Тошкент – Самарқанд. 26, 27, 28, 29 апрел кунларига – 187 860 сўм, “Omad” тарифи
  • Тошкент – Бухоро. 25 апрел – 1 май кунларига – 275 528 сўм; кейинги кунларга – 187 860 сўм, “Omad” тарифи
  • Тошкент – Қарши. 27 апрел кунига – 187 860 сўм, “Omad” тарифи
  • Тошкент – Наманган. 26 апрел кунига – 187 860 сўм, “Omad” тарифи
  • Тошкент – Термиз. 2 май кунига – 275 528 сўм, “Omad” тарифи
  • Тошкент – Урганч. 25 апрел – 3 май кунларига – 400 767 сўм, “Omad” тарифи
  • Бухоро – Урганч. 2 май кунига – 275 528 сўм, “Omad” тарифи
  • Урганч – Самарқанд. 26–29 апрел кунларига – 438 338 сўм, “Omad” тарифи

Биринчи босқичда сотув давомийлиги бир ой. Биринчи ойда бозордаги талаб таҳлил қилинади, тарифлар мослашувчанлиги оширилиши мумкин. Келгусида чипталарни 6 ойгача олдиндан харид қилиш мумкин бўлади.

“Бизнинг вазифамиз одамларни республика бўйлаб А нуқтадан Б нуқтага тез, ишончли ва арзон ташийдиган кам бюджетли авиакомпания яратиш эди. Парвозлар вақти қисқа – бир соатдан икки соатгача. Бортда овқатланиш, кўрпа-тўшак, ёстиқ, салфетка ва чипта нархини сезиларли даражада оширадиган бошқа нарсалар йўқ. Биз фақат 0,25 литрли пластик қадоқларда сув тарқатамиз. Бунинг эвазига авиачипта нархини темир йўл транспорти нархига яқинлаштиришга муваффақ бўлдик”, – дея қўшимча қилган авиаташувчи.

Эслатиб ўтамиз, давлатга қарашли янги авиакомпания Uzbekistan Airports ташаббуси билан ва унинг қошида ташкил этилди. Silk Avia Европада ишлаб чиқариладиган, нисбатан кичик ҳажмли АТR 72-600 самолётларидан фойдаланади.

2022 йил октябрда имзоланган президент қарорига асосан, Silk Avia лоукостер бўлиши белгиланган. Компания 3 йил ичида 12 та самолёт олиб, Ўзбекистон ичида ва Марказий Осиё бўйича 54 та йўналишда ҳафтасига 216 тагача парвозни амалга ошириши режа қилинган.

Top