Иқтисодиёт | 15:00 / 10.03.2026
7762
6 дақиқада ўқилади

Божлар камайтирилади, лекин истиснолар ҳам бўлади – ЖСТ бўйича бош музокарачи

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги бўйича бош музокарачиси Азизбек Урунов аъзолик кечикаётганини айрим мамлакатлар ҳужжатларни кўриш жараёнини чўзаётгани билан изоҳлади. У ЖСТга аъзолик йўлида айрим соҳалар учун 3 йилдан 8 йилгача ўтиш даврига келишилаётганини ҳам маълум қилган.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш дунё мамлакатларига халқаро савдони осонлаштириш, эркин ва рақобатбардош бозор шакллантириш, бунинг ортидан эса иқтисодий фойда олиш учун жуда муҳим. Ўзбекистон 1994 йилдан бери шу ташкилотга киришга уриниб келади.

Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги бўйича музокаралар 2026 йил мартигача якунланиши кутилаётганди. Аммо Ўзбекистоннинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили – бош музокарачи Азизбек Уруновга кўра, муддат кечикиши мумкин.

У журналистлар қаршисида аъзолик нега кечикаётгани, ЖСТга аъзоликдан кейин импортчиларга божлар пасайтирилиши эҳтимоли, шунингдек, маҳаллий бозор учун имтиёзли давр олиниши борасидаги саволларга жавоб қайтарди.

Божлар пасайтириладими ёки маҳаллий бозор учун имтиёзли давр олинадими?

Азизбек Урунов ЖСТга аъзоликда ҳар бир мамлакат маҳаллий бозор учун имтиёзли давр сўраши табиий эканини таъкидлайди. Шу сабаб Ўзбекистон ҳам сезгир соҳаларда 3 йилдан 8 йилгача ўтиш даврига келишаётгани маълум қилинди. Шу билан бирга, протекционизмга йўл қўйилмаслиги таъкидланди.

«ЖСТга аъзо бўлганда олинадиган мажбуриятлар келишилади, демак, максимал биз ишлатишимиз мумкин бўлган даража белгилаб берилади. Ўша нуқтайи назардан давлат ўзида бу нарсани иложи борича кўпроқ сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Лекин бу дегани, давлат протекционизм қилади дегани эмас.

Агар катта давлатлар: Хитойни, Ҳиндистонни оладиган бўлсак ҳам, улардаги ЖСТга аъзо бўлгандаги ўртача божлар бизникидан 4-5 баробарга кўпроқ. Мен ҳозир ҳар биттасининг тафсилотини яна очиқлай олмайман, умумий олиб қарайдиган бўлсак, божлар камайтирилади, лекин биз учун сезгир бўлган соҳалар бор, улар бўйича биз ўша муҳокамаларда тарифларни эркинлаштиришда ҳам 3 йил, 5 йил, 7 йил, 8 йилгача ўтиш даврини ҳам келишган жойларимиз бор.

Сезгир йўналишлар деганда, бу қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, автомобил саноати ҳам бўлиши мумкин. Мен чунки шунақа гапиришга мажбурман, бугунги кунда очиқлай олмайман. Лекин умумий олиб қараганда, бизларда, демак, ўша бозорга кириш шароитлари анча енгиллашади», – деди у.

Қонунчилик қанчалик мутаносиб, қайта кўриб чиқиладими?

Ўзбекистоннинг бош музокарачиси айрим секторларда мавжуд эксклюзив ҳуқуқлар, имтиёз ва преференциялар борлиги инобатга олиниб, қонунчилик базаси қайта кўриб чиқилиши юзасидан ҳам маълумот берди.

«Албатта, кўриб чиқилади. Энди бу музокаралар жараёнида ҳеч нарсани яшира олмайсиз. Агар яширадиган бўлсангиз, бу ташкилотга аъзолигингиз чўзилиб кетаверади. Чунки давлатлар ҳам бу нарсани жуда яхши билишади. Ҳатто ўша автомобил саноатини ҳам олиб қарайдиган бўлсак, нечта давлат бизга экспорт қилади? Экспорт қилаётган давлатларнинг компаниялари бизга бозорга кириш шароитларини жуда ҳам яхши билади-ку. Ҳар битта давлат биз билан музокараларни юргазганда ўзининг бизнеси билан бу нарсаларни жуда қаттиқ муҳокама қилиб олади, шароитларни билиб олишади. Шу асосда кейин биз билан музокараларга киришади. Шунинг учун бу ерда ниманидир яшириш – жуда ҳам қийин масала», – дейди Урунов.

ЖСТнинг субсидиялар бўйича алоҳида талаблари мавжудлиги қайд этилди. Яъни аъзо давлатлар бунга оид ҳар йиллик маълумотларни ташкилотга ҳисобот тарзида бериб бориши талаб қилинади.

«Қайси соҳаларга қанча субсидия берилди? Ўшандан келиб чиққан ҳолда, агар бу субсидиялар даражаси ЖСТга аъзо бўлгандаги олинган мажбуриятлардан ошадиган бўлса, демак, ЖСТ бу нарсани тўғрилашга мажбур қилади. Демак, ўша келишилган мажбуриятлар доирасида фақатгина субсидия бериш масаласи», – дейди расмий вакил.

ЖСТга аъзолик кечикиши мумкинми?

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш йўлида 2025 йилда 34 давлатдан 33 таси билан икки томонлама музокараларни якунлаб бўлган. Бу йил Тайван билан музокарани якунлаш ва Ўзбекистон март ойида ЖСТ аъзоси бўлиши режа қилинганди. Урунов бу муддат кечикишини айтди.

«Мартдан ўтиши мумкин. Чунки декабрь ойида хавотирлар ҳақида гапиргандик, айрим мамлакатлар бор, улар бизнинг ҳужжатларни кўриш жараёнини чўзмоқда.

[Қайси мамлакат эканини] очиқласам нотўғри бўлади. Бор шунақа мамлакатлар. Улар билан биз шу жараённи тезлаштириш мақсадида бугунги кунда гаплашиб, келишишга ҳаракат қиляпмиз», – деди у.

Ўзбекистоннинг ўзига қўйиб берилса, март ойидаёқ ЖСТга аъзо бўлиш мумкинлиги қайд этилган. «Лекин юқорида ҳам айтиб ўтдим, бу фақатгина бир томонлама эмас. Бунинг иккинчи томони ҳам бор. Бу – ЖСТга аъзо мамлакатлар. Чунки пировардида фақатгина бу мамлакатларнинг қарори асосида биз аъзо бўлишимиз мумкин», – дейди Урунов.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид