Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги бўйича бош музокарачиси Азизбек Урунов аъзолик кечикаётганини айрим мамлакатлар ҳужжатларни кўриш жараёнини чўзаётгани билан изоҳлади. У ЖСТга аъзолик йўлида айрим соҳалар учун 3 йилдан 8 йилгача ўтиш даврига келишилаётганини ҳам маълум қилган.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш дунё мамлакатларига халқаро савдони осонлаштириш, эркин ва рақобатбардош бозор шакллантириш, бунинг ортидан эса иқтисодий фойда олиш учун жуда муҳим. Ўзбекистон 1994 йилдан бери шу ташкилотга киришга уриниб келади.
Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги бўйича музокаралар 2026 йил мартигача якунланиши кутилаётганди. Аммо Ўзбекистоннинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили – бош музокарачи Азизбек Уруновга кўра, муддат кечикиши мумкин.
У журналистлар қаршисида аъзолик нега кечикаётгани, ЖСТга аъзоликдан кейин импортчиларга божлар пасайтирилиши эҳтимоли, шунингдек, маҳаллий бозор учун имтиёзли давр олиниши борасидаги саволларга жавоб қайтарди.
Божлар пасайтириладими ёки маҳаллий бозор учун имтиёзли давр олинадими?
Азизбек Урунов ЖСТга аъзоликда ҳар бир мамлакат маҳаллий бозор учун имтиёзли давр сўраши табиий эканини таъкидлайди. Шу сабаб Ўзбекистон ҳам сезгир соҳаларда 3 йилдан 8 йилгача ўтиш даврига келишаётгани маълум қилинди. Шу билан бирга, протекционизмга йўл қўйилмаслиги таъкидланди.
«ЖСТга аъзо бўлганда олинадиган мажбуриятлар келишилади, демак, максимал биз ишлатишимиз мумкин бўлган даража белгилаб берилади. Ўша нуқтайи назардан давлат ўзида бу нарсани иложи борича кўпроқ сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Лекин бу дегани, давлат протекционизм қилади дегани эмас.
Агар катта давлатлар: Хитойни, Ҳиндистонни оладиган бўлсак ҳам, улардаги ЖСТга аъзо бўлгандаги ўртача божлар бизникидан 4-5 баробарга кўпроқ. Мен ҳозир ҳар биттасининг тафсилотини яна очиқлай олмайман, умумий олиб қарайдиган бўлсак, божлар камайтирилади, лекин биз учун сезгир бўлган соҳалар бор, улар бўйича биз ўша муҳокамаларда тарифларни эркинлаштиришда ҳам 3 йил, 5 йил, 7 йил, 8 йилгача ўтиш даврини ҳам келишган жойларимиз бор.
Сезгир йўналишлар деганда, бу қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, автомобил саноати ҳам бўлиши мумкин. Мен чунки шунақа гапиришга мажбурман, бугунги кунда очиқлай олмайман. Лекин умумий олиб қараганда, бизларда, демак, ўша бозорга кириш шароитлари анча енгиллашади», – деди у.








