Иқтисодиёт | 17:00 / 03.05.2024
9823
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-Андижон пулли йўли лойиҳаси 4,65 млрд долларга баҳоланди

Шу йил июн ойи охиригача Тошкент-Андижон пуллик йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий ишлари якунланади. Лойиҳанинг умумий узунлиги 314 км бўлиб, унинг қиймати 4,65 млрд долларни ташкил қилади, дея маълум қилди транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Жорий йилнинг июн ойи охиригача Тошкент-Андижон пуллик йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий ишлари якунланади. Бу ҳақда Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган панель сессиясида Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилди.

«Июн ойи охиригача биз техник-иқтисодий ишларни тугатамиз. Янги пулли йўл Тошкент ва бошқа ҳудудларни Фарғона водийси билан боғлашга ёрдам беради. Лойиҳанинг умумий узунлиги 314 км бўлиб, унинг қиймати 4,65 миллиард долларни ташкил қилади», - дейди Жасурбек Чориев.

Бундан ташқари, узоқ йиллардан бери асосий мақсадлардан бирига айланган трансафғон темирйўли ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Лойиҳа учта давлатни бир-бирига боғлашга ёрдам беради — Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон. Темирйўл Евросиё транспорт йўлагини яратишда муҳим роль ўйнайди. Натижада Марказий Осиё мамлакатлари Ҳинд океани портига чиқиш имконига эга бўлади. Темирйўл товарлар етказиб бериш муддатини 35 кундан 5 кунгача қисқартиради. Товарларни етказиб бериш нархи эса камида 40 фоизга пасаяди. Лойиҳа 2027 йил охиригача якунланиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим лойиҳа бу албатта Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишидир. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ривожланишида катта роль ўйновчи темирйўл бўлади. Лойиҳанинг асосий келишувлари аллақачон ҳал қилинган бўлиб, унинг қиймати тахминан 5,1 миллиард долларни ташкил қилса, узунлиги ҳозиргача 454 км бўлиши кутилмоқда», — дея таъкидлаган Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари.  

Мавзуга оид