Жаҳон | 09:03 / 23.07.2019
14630
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон Қирғизистон билан чегарадаги низони президентлар учрашуви арафасидаги иғво деб атади

Фото: turmush.kg

Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара қўшинлари бошқармаси 22 июлда Қирғизистон чегарасида юз берган кўнгилсиз воқеани Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг Исфара шаҳридаги учрашуви арафасида амалга оширилган иғво деб атади. 

Тожикистоннинг Ворух ва Қирғизистоннинг Аксай қишлоқлари аҳолиси иштирокида юз берган низода Тожикистон томондан 16 киши, Қирғизистон томондан 5 киши жабрлангани маълум қилинганди. 

“Икки қўшни давлат раҳбарларининг Исфара шаҳридаги олий даражадаги учрашуви арафасида юз берган воқеа баъзи манфаатдор қирғиз доиралари чегара чизиғида тинчлик-осойишталикни истамаётганлари ва иғволарга бораётганларидан дарак беради”, дейилган Тожикистон томони баёнотида. Аввалроқ Тожикистон ҳукуматидаги манба икки давлат етакчиларининг учрашуви жорий ҳафтада бўлиб ўтишини маълум қилган.

Тожикистон чегара қўшинлари маълумотларига кўра, 22 июлда Ворух қишлоғи аҳолиси Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Исфарага амалий сафари ва унинг Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашувига тайёргарлик кўриш доирасида ободонлаштириш ишлари билан шуғулланган. Жумладан, Ворух жамоати ҳудудидаги устунда Тожикистон байроғи ўрнатилган. “Маҳаллий вақт билан соат 16.35 атрофида Қирғизистон фуқаролари бунга қаршилик қилиб, ўзбошимчалик билан ер кавлаб, “Ак-сай” ёзувини ўрнатиб, Қирғизистон байроғини ўрнатишган. Қирғизистон фуқаролари буни Тожикистон ҳудудида амалга оширганлари сабабли Ворух аҳолиси бунга қаршилик қилган. Оқибатда икки давлат аҳолиси орасида низо чиққан”, дейилган хабарда. 

Тожикистон томонининг хабар беришича, Аксай аҳолиси тожиклар томон тошлар улоқтирган ва ўқотар қурол қўллаган. Бунинг оқибатида Тожикистон фуқароси, Ворух қишлоғида яшовчи Жалол Қораев ҳалок бўлган, яна 3 киши яраланган. Яна 7 тожик тошлар зарбасидан оғир жароҳат олган.

Аввалроқ Исфара шаҳри раҳбарияти можаро оқибатида 16 киши жабрланганини маълум қилган. Хабарда таъкидланишича, Қирғизистон фуқаролари вазиятдан фойдаланиб, “Исфара-Ворух” йўлини қонунга хилоф тарзда тўсиб қўйишган.

“Айни вақтда воқеа жойида Тожикистон ва Қирғизистон чегара бошқармалари, бошқа мутасадди идоралар вакиллари қолмоқда”, дейилган баёнотда. 

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 кмни ташкил қилади. Собиқ иттифоқ парчалангандан кейин бу чегарада 70 га яқин баҳсли қисмлар қолган, улар вақти-вақти билан икки давлат аҳолиси ва ҳарбийлари ўртасида можаро чиқишига сабаб бўлган. 3 йил аввал Бишкек ва Душанбе чегаранинг умумий қисмининг демаркацияси ва делимитациясини фаоллаштиришга келишиб олган. Ҳозирда 600 кмга яқин масофада чегара чизиғининг ўтиши бўйича келишишга эришилган. 

 

Мавзуга оид