Жаҳон | 08:15 / 18.06.2020
56868
2 дақиқада ўқилади

Трамп уйғурларга тазйиқ ўтказган хитойлик мансабдорларга санкция қўллашни назарда тутувчи қонунни имзолади

Фото: Manuel Balce Ceneta/AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Конгресснинг иккита палатаси ҳам тасдиқлаган «уйғурлар ҳақидаги» қонунни имзолади. Бу қонун Вашингтон томонидан уйғурларга тазйиқ ўтказган деб ҳисобланган хитойлик мансабдорларга санкция қўллаш имконини беради. Бу ҳақда Оқ уй баёнотида айтилган.

Қонун лойиҳасини май ойида Конгресснинг ҳар иккала палатаси тасдиқлаганди. Қонун лойиҳасининг муаллифи республикачи сенатор собиқ президентликка номзод Марко Рубио. Қонунга кўра, Вашингтон томонидан Хитойда уйғурларга ва бошқа мусулмонларга нисбатан тазйиқ ўтказган деб топилган мансабдор шахслар АҚШ санкцияларига тушади. АҚШ бундай одамларга виза бермаслиги ва уларнинг АҚШда мавжуд бойликларини музлатиши мумкин бўлади.

«Президентнинг дипломатик фаолиятига путур етказмаслиги керак»

Оқ уй расмий сайтида Трампнинг қонунни имзолагани ҳақида баёноти эълон қилинган. Унда президентнинг хусусан шундай гаплари келтирилган: «Менинг администрациям қонуннинг чекловга тушган одамга нисбатан санкцияни бекор қилиш учун Когрессни огоҳ қилишни назарда тутувчи 6(g) бўлимига амал қилишга ҳаракат қилади. Аммо бу жараён президентнинг дипломатик фаолият олиб боришига таъсир ўтказмаслиги ҳам инобатга олинади», деб Трампнинг гаплари келтирилган Оқ уй сайтида.

2018 йилда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачалет Хитойнинг Синьцзян провинциясидаги (Урумчи) ахлоқ тузатиш колонияларида 1 миллионга яқин уйғурлар ноқонунуний ушлаб турилгани ҳақида маълумот борлигини айтганди. Комиссар бу маълумотни текшириш учун Хитойга халқаро экспертлар гуруҳини юборишни таклиф қилган.

Аммо расмий Пекин барча айбловларни рад этиб, лагерда терроризм ва экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолганлар сақланишини айтиб келади. Пекин берган маълумотларга кўра, лагерда ушлаб турилган одамларга Хитой тилидан бошланғич таълим, коммуникацион билимлар ва Хитой қонунчилиги ўқитилади. Лагерларда ушлаб турилган уйғурлар ва мусулмонлар сони аниқ айтилмайди.

Мавзуга оид